Оломоннинг хорижлик талабаларга ҳужуми ортидан Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов узр сўраб чиқди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
18 майга ўтар кечаси ҳужумга учраган Қирғизистон Халқаро университети (ХУК) тиббиёт факультети ётоқхонасига борган Эдил Байсалов хорижлик талабалардан “бир гуруҳ безорилар томонидан уларга етказилган зуғум ва зарар учун узр сўраган". Мансабдор алоҳида шахсларнинг жиноий ҳаракатлари қирғизларнинг меҳмондўстлик маданияти ва анъаналарига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган.
“Яқинларингиз сиз Қирғизистонда хавф остида эмаслигингизни ва сизнинг фаровонлигингиз учун тўлиқ жавобгарлик ҳукумат бўйнида эканлигини билишлари лозим. Бу ҳунук воқеа халқимизнинг сизга бўлган муносабатини акс эттирмайди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса бўйича батафсил текширув ўтказмоқда, айбдорлар албатта жавобгарликка тортилади”, — деди Байсалов.
Эдил Байсалов билан бирга ётоқхонага Покистоннинг Қирғизистондаги элчиси Ҳасан Али Заигам ва университет президенти Асилбек Айдаралиев ташриф буюрган.
17 май куни ижтимоий тармоқларда бир неча киши ўзаро муштлашгани акс этган видео тарқалган. Муаллифлар унда чет элликлар иштирок этганини иддао қилишган, айрим фойдаланувчилар эса калтакланганлар Қирғизистон фуқаролари бўлгани ҳақида ёзишган. Бу видео ортидан 18 майга ўтар кечаси Бишкекнинг шарқий қисмида одамлар йиғилган. Қирғизистон ИИВ тунда йиғилган одамлар сони 700 га етганини, эрталабга бориб улар тарқаб кетганини маълум қилган.
Бишкек милицияси ҳолат юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг 278-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) ва 330-моддаси (Ирқий, миллий, диний ёки ҳудудлараро низо қўзғатиш) бўйича жиноят иши очилгани, хорижликлар яшаб турган ётоқхонага бостириб кириб, зўравонлик қилган тўрт нафар маҳаллий турғун шахси аниқланганини билдирган. Улардан икки нафари, шунингдек, тўрт нафар хорижлик қўлга олинган.
Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати 18 майга ўтар кечаси Бишкекда содир бўлган тартибсизликлар чоғида 29 киши жабрлангани, улардан 15 нафари касалхонага етказилганини маълум қилган.
Қайд этилишича, тан жароҳати олган уч нафар чет эллик касалхонада бўлиб, уларнинг аҳволи барқарор.
Покистон Қирғизистонда ўқиётган талабаларни ватанига олиб чиқиб кетишга киришган. Бу ҳақда Покистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исҳоқ Дар 19 май куни Лоҳурда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.
2023 йил охирига оид расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда 80 мингдан зиёд хорижлик талаба ўқийди, бу мамлакатдаги барча талабаларнинг 35 фоизини ташкил этади. Хорижлик талабаларнинг 61 фоизи ҳиндистонликлар, 32 фоизи эса покистонликлардир.
18 майга ўтар кечаси Бишкекда содир бўлган тартибсизликлар чоғида 29 киши жабрлангани, улардан 15 нафари касалхонага етказилганини маълум қилган.