Ссылки доступа

"Кўча"га қарши рейдларда ушланган яна 3 кишига ҳукм ўқилди


Улар фирибгарлик ва безорилик содир этганликда айбдор деб топилган.

Тошкентда ўтган йил охирида ўтказилган “долзарб 40 кунлик”да қўлга олинган яна уч кишига суд ҳукми ўқилди.

Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилишича, 30 апрель куни жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди Хасан ва Хусан Сабирджановларни фирибгарлик ва безорилик содир этганликда айбдор деб топган. Уларга деярли 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

3 май куни Учтепа тумани судининг ҳукми билан Марат Уразов ҳам фирибгарликни содир этганликда айбли деб топилди. Етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани инобатга олиниб, унга нисбатан 1 йил 10 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ўтган йил охиридаги ўзбек ҳуқуқ - тартибот идоралари ўтказган рейдлар ҳақида матбуотга ҳисобот берган Тошкент шаҳар ИИББ жами 116 шахсга нисбатан 38 та жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди.

27 январь куни Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов 230 дан ортиқ шахс ушлангани ва жавобгарликка тортилганини билдирганди.

2023 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган рейдлар Ўзбекистонда 1990-йиллар бошидан буён жиноят оламига қарши ўтказилган энг йирик амалиёт бўлган.

Амалиётга нима туртки бўлгани ва алоҳида шахсларнинг жиноят оламидаги роли, шунингдек, ҳокимият, хусусан, куч тузилмалари билан алоқалари борасида кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.

Озодликнинг Ички ишларда муқаддам юқори лавозимларда ишлаган манбасига кўра, кейинги пайтларда “жиноят олами”нинг кўчада танилган ёш жангари етакчилари атрофида одам кўпайиб бораётгани ҳуқуқ-тартибот идораларининг назарини тортган эди.

ИИВ “криминоген муҳитни яхшилашга қаратилган бу рейдларга” ойлаб тайёргарлик кўрилгани, қўлга олинган шахслар узоқ вақт кузатувда бўлганини айтмоқда.

Аксарият манбалар, рейд ўтказиш учун шахсан президент Шавкат Мирзиёев кўрсатма берганини ҳам айтмоқда. Аммо, президентнинг ўзи бу ҳақда ҳали баёнот бермади.

XS
SM
MD
LG