Ссылки доступа

Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини юборди


Афғонистонга Ўзбекистоннинг навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълум қилди.

Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, Афғонистонда кузатилган кучли сел-сув тошқинларида зарар кўрган аҳолига кўмак кўрсатиш, уларни зарур воситалар ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон номидан инсонпарварлик юклари карвони «Айритом» чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилди.

Ҳайратон шаҳридаги Астрас компанияси ҳудудида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов ҳамда Афғонистоннинг Балх вилояти расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтган.

Ёрдам таркибидан 48 тонна ун, 22 тонна гуруч, 100 минг дона консерва ва 44 тонна макарон маҳсулотлари, 25 минг литр ўсимлик ёғи, 100 минг дона тез тайёрланадиган лағмон, шунингдек, 10 кишилик 100 та махсус қурилмали чодир ва 1000 литрли 96 та сув сақлаш идиши ўрин олган.

Таъкидланишича, Афғонистон томони вакиллари Шавкат Мирзиёев ва ўзбек халқига оғир пайтда кўрсатилаётган ёрдам учун ўз миннатдорликларини билдириган.

XS
SM
MD
LG