Апрелдаги тошқинлардан энг катта зарар кўрган шаҳарча аҳолисининг намойишларида фаол бўлган Канат Бимирзаев 15 суткага қамалди.
Шунингдек, 20 май куни Атирау суди 39 ёшли фаолни саккиз йилга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилди.
Фаолни қўлга олган полициянинг иддаолари бўйича, Бимирзаев автомобилни “фаралар ўчирилган ва ғилдираги ёрилиб кетган ҳолда бошқаргани” учун тўхтатилган. У гўёки мастлигини аниқлаш учун мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган.
Бимирзаевни ўзи бу айбловларни рад этмоқда. Ижтимоий тармоқдаги маҳаллий пабликларда фаоллиги деб 15 кунга қамалаётгани, бу ҳақда бошқаларни огоҳ қилиб қўйишни сўрагани акс этган қўлёзма хати тарқалмоқда.
Қулсарилик аҳоли Канат Бимирзаевни озод қилишни сўраб видеомурожаат қилган. Шундан сўнг Атирау вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Бимирзаевнинг ҳибсга олинишига Кулсаридаги намойишларнинг алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот берди.
Канат Бимирзаев Қозоғистоннинг Атирау вилоятининг Кулсари шаҳрида бир неча кун давом этган маҳаллий аҳолининг норозилик намойишларининг фаол иштирокичиси ва етакчиларидан бири эди.
Сув тошқинидан энг катта зарар кўрган шаҳарча аҳолиси нобуд бўлган уй-жой учун товон пули миқдори ва тўлов шартларидан норозилигини айтмоқда. Ҳокимият компенсация миқдорини квадрат метр учун 200–240 минг тенге оралиғида белгилаган. Маҳаллий аҳоли бу миқдор 400 минг тенгегача оширилишини сўрамоқда. Шунингдек, аҳоли ушбу маблағ қурилиш компанияларига эмас, одамларнинг ўзига берилишини талаб қилмоқда.
16 май куни Атирау вилояти ҳокими Серик Шапкенов Кулсари аҳолиси билан музокараларда, ҳукумат компенсация миқдорини қайта кўриб чиқишга тайёрлигини, бироқ аҳоли бу учун нобуд бўлган уй-жойларнинг квадрат метри ҳақиқатдан ҳам 400 минг тенгелик қийматга эгалигини асослаб бериши лозимлигини айтган. Вилоят ҳокимининг айтишича, бундай нархдаги уйлар ҳатто вилоятнинг марказий шаҳри бўлмиш Атираунинг ўзида ҳам йўқ.
Озодлик радиосининг мухбири билан суҳбатлашган кулсарликларнинг айтишича, кўплар бошқа шаҳарларга кўчиб кетмоқчи бўлгани учун шу қийматдаги компенсация пулини сўрамоқда.
Тошқинлардан энг катта зарар кўрган шаҳарча аҳолисининг намойишларида фаол бўлган фуқаро 15 суткага қамалди
Полиция Бимирзаевнинг ҳибсга олиниши Кулсаридаги намойишлар билан боғлиқлигини инкор этмоқда.