Ссылки доступа

Тожикистонда 50 дан ортиқ фолбин қўлга олинди (видео)


Май ойидан фолбинлик, иссиқ-совуқ қилиш каби хизматлар жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида малакаланмоқда.

Тожикистонда 50 дан ортиқ фолбин қўлга олинди. Май ойидан фол очиш, сеҳр, спиритизм, башорат қилиш, иссиқ-совуқ қилиш каби хизматлар жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида малакаланмоқда.

Бу ҳақда 21 май куни Ички ишлар вазирлигига таяниб “Азия Плюс” нашри хабар бермоқда. Айтилишича, рейд Сўғд вилоятининг Ғафур туманида бўлиб ўтган.

Рейд давомида қўлга олинган фолбинларнинг аксарияти маъмурий жазога тортилган, улардан бирига нисбатан жиноят иши очилган.

Авваллари фолбинлик билан шуғулланган шахслар фақат маъмурий жазога тортилар эди. Май ойидан Жиноят кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, эндиликда маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин ҳам фолбинлик билан шуғулланган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.

Қўшни Қирғизистонда ҳам фол очиш ва сеҳр хизматларини реклама қилишни тақиқлашмоқчи. Қонун ташаббускорларининг айтишича, “юксак технологиялар ва илм-фан тараққиёти асрида мамлакатимизда кўплар гўёки афсунгар ва сеҳргарларнинг ҳийла-найрангларига тушиб қолаётганини кузатиш ачинарли ҳолатдир”.

Ҳозирда Қирғизистонда гиёҳванд моддаларни, порнографияни, одам савдоси ва шу каби хизматларни реклама қилиш тақиқланган.

XS
SM
MD
LG