Овоз бериш куни давомат 49,6 фоизни ташкил этган.
60 ёшли Гитанас Науседа Литвага 2019 йил июлидан буён раҳбарлик қилиб келмоқда. Бу президентлик муддати унинг учун иккинчи ва охирги муддат бўлиб ҳисобланади. Литва конституциясига мувофиқ, президент кетма-кетига икки мартадан кўп сайлана олмайди.
Науседа ўзига билдирилган ишонч учун Литва халқига миннатдорлик билдирган. “Мен ўзимга билдирилган бу ишончни қадрлашим лозимлигини жуда яхши тушунаман”, деган у журналистлар олдида қилган чиқишида.
Сайланган президент Литванинг амалдаги ташқи сиёсий йўналишини давом эттиришга ваъда бериб, мамлакат Европа Иттифоқи ва НАТО билан ҳамкорликдан янада кўпроқ манфаат топишига умид билдирган.
Литва президентининг асосий ваколатлари ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати билан боғлиқ. Президент сайлови пойтасининг асосий мавзуси бу гал Россиянинг Украинага қарши уруши ҳамда бу урушнинг Литва миллий хавфсизлиги учун оқибатлари бўлди. Номзодларнинг ҳар иккиси ҳам Россия билан урушда Украинани дастаклаш ва НАТО мустаҳкамланишини ёқлаб чиқишган.
Науседа Россия босқинчилик урушидан ўзини мудофаа қилаётган Украинанинг қатъий тарафдори ўлароқ ном қозонган.
“Келинглар, Владимир Путин қандайдир тинчлик музокараларига тайёр, деган хомхаёлларга берилмайлик, — деган Науседа сайловнинг биринчи босқичидан кейин журналистлар билан суҳбатда. — Украинани самарали равишда қўллашдан бошқа буни тўхтатишнинг йўли йўқ, асосийси — бу ишни тезликда амалга ошириш лозим”.
Ингрида Шимоните Гитанас Науседани ғалаба билан табриклаган. Улар 2019 йилги президент сайловида ҳам овоз беришнинг иккинчи босқичига чиққан эдилар. Ўшанда Науседа 66 фоиз овоз олиб, ғалаба қозонган эди.
Бу галги сайловнинг биринчи босқичи дастлабки натижалари юзасидан изоҳ бераркан, Науседа бу сафар ўтган сайловдан яхшироқ позицияда эканини билдирган эди. Шимоните эса иккинчи босқичга чиқиш сайловнинг бу босқичида ўзининг асосий мақсади бўлганини қайд этган.