Қозоғистон Сенатининг раҳбари Маулен Ашимбаев яқинда Қозоғистонни русофобияда айблаган Давлат думаси спикери ўринбосари Петр Толстойнинг баёнотларига изоҳ бермади.
Қозоғистон спикери неоимперчи рус депутати иддаоларига муносабат сўраганларга "чуқурлашмасликни" маслаҳат берди ва бу депутатнинг шахсий фикри эканлигини айтди.
Миллатчи ва неоимперчи бўлмиш Петр Толстой “Комсомолская правда” радиосига берган интервьюсида, агар Москва Украина мавзусини "ёпмаса", қўшни “Қозоғистон, Арманистон ва бошқа давлатлар билан муаммоларга дуч келишини" айтган.
“Қаранг, Қозоғистонда давлатчилик борасида нималар бўлаяпти, у ерда мустақиллик, лотин алифбоси мавзулари атрофида қандай миллий мифология гуллаб-яшнамоқда”, — деди Пётр Толстой.
Рус шовинисти ва "Рус дунёси" ғоясининг шайдоси бўлмиш Толстойнинг риторикаси аксар россиялик сиёсатчилар ва нуфузли шахсларнинг фикрлари билан ҳамоҳангдир. Унинг айтишича, Қозоғистонда "Олма-Ота аслида Верний шаҳри эканлигини, бизнинг рус қалъамиз бўлганини" унутиб қўйишмоқда. У қозоқларни "Россиядан ажралиб чиқиш мақсадида ўзига мос тарихни ўйлаб топмасликка" чақирди.
Қозоғистон спикери неоимперчи рус депутати иддаоларига муносабат сўраган журналистларга "чуқурлашмасликни" маслаҳат берди.
"Менимча, бу унинг шахсий фикри, Давлат Думасининг расмий қараши эмас. У депутат сифатида эмас, алоҳида шахс сифатида сўз юритаётган бўлиши мумкин. Шунинг учун, менимча, бу ерда қандайдир жиддийлашиш ва чуқурлашишга ҳожат йўқдек”, — деди Ашимбаев.
Рус арбобларининг собиқ постсовет республикалари борасидаги неоимперчи даъволари сўнгги пайтларда тез-тез янграмоқда. Қозоғистон ҳукумати бундай чиқишларга деярли расмий муносабат билдирмайди.
2022 йилда Толстойнинг Давлат Думасидаги ҳамкасби, депутат Сергей Савостянов Болтиқбўйи мамлакатлари ва Қозоғистонни Украина каби "денацификациялаштириш ва демилитаризациялаштиришни" таклиф қилган эди.
Қозоғистон спикери неоимперчи рус депутати иддаоларига муносабат сўраганларга "чуқурлашмасликни" маслаҳат берди
Рус арбобларининг собиқ постсовет республикалари борасидаги неоимперчи даъволари сўнгги пайтларда тез-тез янграмоқда.