Қирғизистон Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш агентлиги хакерлар қирғизистонликларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритганини рад этди.
Аввалроқ ўзини Team Insane Pakistan деб атаган хакерлар гуруҳи 600 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқаролари ва компанияларнинг маълумотларини оммага эълон қилганини маълум қилган эди.
Хакерлар буни 18-май куни Бишкекда хорижлик талабалар иштирокида бўлиб ўтган тартибсизликларга қарши “норозилик” сифатида қилганликлари билан изоҳлади.
Агентлик ушбу ҳодисани ўрганиб чиққанини ва бу маълумотлар эскилигини иддао қилмоқда.
“Эълон қилинган 600 минг шахсий маълумот таҳлилига кўра, улар 2020 йилда Давлат солиқ хизмати хизматларидан сиздирилган маълумотларга ўхшайди”, — дея таъкидлади агентлик.
Хакерлар маълумотларни қайси манбадан ўғирлашга муваффақ бўлганликларини айтишмади, бироқ Озодлик радиоси қирғиз хизмати журналистлари саволларига жавобан улар gov.kg сайтининг доменини бузиб, Олий суддан маълумотларни олишганини айтишди. Бироқ Олий суд бу хабарни рад этди.
630 мингдан ортиқ сатрдан иборат хакерлар рўйхатида камида 523,5 минг солиқ тўловчиларнинг идентификация (ИНН) рақамлари мавжуд. Шу билан бирга, рўйхатда ИНН бўлмаган шахслар ва компаниялар ҳам мавжуд. Рўйхатда киберхавфсизлик учун масъул бўлган ҚРнинг ҳукумат амалдорлари, сиёсатчилар ва раҳбарлар ҳам бор. Уларнинг баъзилари рўйхатда кўрсатилган манзилларда истиқомат қилишмоқда, баъзиларининг эса манзиллари ўзгаргани айтилмоқда.
Қирғиз расмийлари хакерлар қирғизистонликларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритганини рад этди
Расмийларнинг айтишича, эълон қилинган 600 минг шахсий маълумот 2020 йилда Давлат солиқ хизматидан сиздирилган эски маълумотдир.