Ссылки доступа

Тошкентда кабел ёниши давлат хизматларини кўрсатишда узилишларни юзага келтирди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биноси яқинидаги ерости кабелларида юзага келган ёнғин сабаб бир қанча давлат хизматларини кўрсатишда узилишлар кузатилмоқда.

Ўзбекистон адлия вазирлиги расмийси Севара Ўринбоевага кўра, Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган Ички ишлар вазирлиги биноси ёнидан ўтган ерости кабелларидаги ёнғин сабабли Давлат хизматларида паспорт ва манзил билан боғлиқ хизматларни кўрсатишда узилишлар бўлмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Маъмурий амалиёт ва Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимида узилишлар юзага келаётганини маълум қилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ МваФРБнинг қуйидаги тизимларида узилишлар кузатилмоқда: Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳамда Ўзбекистон Республикасида доим яшовчи чет эл фуқароларига идентификация ID-карта бериш; фуқароларни ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқароларини доим яшаш манзили бўйича рўйхатга олиш; вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш; Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш манзили ҳамда вақтинча турган манзили бўйича рўйхатга олиш.

«Ҳудудий электр тармоқлари» матбуот хизмати аниқлик киритишича, 35/10/6 кВ.ли «Ўзбекистон» нимстанциясидан чиқувчи кабел тармоғи шикастланган.

«Вужудга келган ҳолат бартараф этилгунга қадар истеъмолчилар тўлиқ бошқа тармоққа ўтказилган бўлиб, айни пайтда Яккасарой туманининг Конституция ва Юнус Ражабий маҳаллалари ҳамда Миробод туманининг Абдулла Авлоний ва Ат-Термизий маҳаллаларидаги аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидан узилган», дейилади хабарда.

Бундан олдинроқ Тошкент шаҳри марказида ёнғин рўй бериши оқибатида қатор кўчаларда светофорлар ишламай қолган эди.

XS
SM
MD
LG