Ссылки доступа

Прокурор “Кампир-обод иши” бўйича судланаётганларга 20 йил жазо сўради


Бу иш бўйича 27 нафар инсон “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солишда” ҳамда “давлат тўнтариши”ни уюштиришга уринганликда айбланаётган эди.

Қирғизистонда прокурор суддан “Кампир-обод иши” бўйича айбланаётганларга нисбатан 20 йил озодликдан маҳрум этиш ҳамда мол-мулкини мусодара қилиш жазосини тайинлашни сўради. Бу ҳақда судланаётган фаоллардан бири, ҳуқуқбон Рита Карасартова Озодлик радиосига маълум қилган.

“Кампир-обод иши” доирасида 2022 йил октябрь ойида 27 киши ҳибсга олинган, улардан 9 нафари ҳибсда, қолганлари уй қамоғида сақланмоқда. Улар “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солишда”, баъзилари эса “давлат тўнтариши”ни уюштиришга уринганликда ҳам айбланмоқда.

Ҳибсда Равшан Жеенбеков, Азимбек Бекназаров, Жениш Молдокматов, Айданбек Акматов, Марат Баязов, Кенешбек Дуйшебаев, Айбек Бузурманкулов, Ильгиз Шаменов ва Темир Махмудовлар қолмоқда.

Президент Садир Жапаров “Кампир-обод иши” бўйича тергов жараёнига бир неча бор изоҳ бериб, ҳибсга олинганлар “халқни тинчини бузгани”, шунингдек, “давлат тўнтариши” уюштиришга уринганини таъкидлаган.

“Кампир-обод иши” бўйича гумонланувчилар қирғиз-ўзбек чегарасида жойлашган Кампир-обод сув омбори ҳудудининг Ўзбекистонга ўтказилишига, ушбу объектни муҳофаза қилиш қўмитаси ташкил этилишига очиқдан-очиқ рози бўлмаганликларини билдиргач, ҳибсга олинган. Ушбу жиноий иш қўзғатилишига Бишкекдаги кафелардан бирида “Кампир-обод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси” аъзоларининг йиғилишидан яширин тарзда олинган аудиоёзув асос бўлди.

XS
SM
MD
LG