Қозоғистонда “ЛГБТ ташвиқотини” тақиқлашга чақирувчи петиция етарли имзо тўплади. Энди уни ҳукумат кўриб чиқади. Бу ҳақда Ахборот ва маданият вазирлиги 9 июнь куни маълум қилди.
“Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги петицияни кўриб чиқиш учун манфаатдор томонлар, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этади", дейилади Маданият вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.
Расмий epetition.kz сайтида эълон қилинган мурожаат муаллифи “Қозоғистон ота-оналар иттифоқи” ташкилотининг вакили Багила Балтабаева бўлиб, у болалар ва ўсмирларни “ноанъанавий жинсий алоқалар тарғиботи”дан ҳимоя қилишга чақирмоқда.
Ушбу ташкилот аввалроқ болалар томошасида вояга етмаганлар ўртасида гомосексуалликни ташвиқот аломатини кўриб, театр студиясига устидан ариза қилган эди. Аризадан сўнг томоша саҳнадан олиб ташланган.
Апрель ойида ҳукмрон партия депутатлари “ноанъанавий жинсий алоқаларни тарғиб қилганлик” учун жиноий жавобгарлик жорий этишни таклиф қилган эди. Мутахассислар бу ташаббусни Россия қонунчилигидан нусха кўчириш сифатида баҳоладилар.
Февраль ойида Маданият вазирлиги “боланинг соғлиғи, ахлоқий ва маънавий ривожига зарар етказувчи маълумотлар” деб ЛГБТК+ ўсмирлари учун мўлжалланган Selftanu.kz веб-сайтини блоклаган эди.
Европа парламентининг Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ 2021 йилдаги резолюциясида ЛГБТ вакиллари камситилаётгани ва таъқибга учраётгани қайд этилган.
Ўтган йилги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунга кўра, 50 мингдан ортиқ овоз тўплаган петициялар ҳукумат даражасида 40 кун мобайнида кўриб чиқилади.
Қозоғистон ҳукумати “ЛГБТ ташвиқотини тақиқлаш"ни сўраган петицияни кўриб чиқади

Расмий epetition.kz сайтида эълон қилинган мурожаат муаллифи “Қозоғистон ота-оналар иттифоқи” ташкилотининг вакили Багила Балтабаева бўлиб, у болалар ва ўсмирларни “ноанъанавий жинсий алоқалар тарғиботи”дан ҳимоя қилишга чақирмоқда.