2032 йилга бориб Тожикистон электр энергияни тўлиқ яшил энергия манбаларидан ишлаб чиқариш ниятида. Бу ҳақда мамлакат президенти Эмомали Раҳмон 11 июнь куни Учинчи халқаро сув конференциясининг очилиш маросимида маълум қилди.
Айни пайтда Тожикистон электр энергиясининг 98 фоизи гидроэнергетика ресурслардан ишлаб чиқарилмоқда.
Шунингдек, президентнинг айтишича, Тожикистон 2037 йилгача “яшил маконга”га айлантирилади. Бу мақсадда кейинги 16 йил ичида мамлакатда 2 миллиардгача дарахт экиш режалаштирилмоқда.
Душанбеда БМТ кўмагида ўтказиладиган Халқаро сув конференциялари жаҳондаги сув танқислиги муаммосига бағишланган.
Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда қишлоқларда яшовчи аҳолининг атиги 40 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. Шаҳарларда бу кўрсаткич 80% дан ортиқ. Бироқ мамлакат аҳолисининг асосий қисми қишлоқларда яшайди.
Раҳмон ўз чиқишида Тожикистондаги музликларнинг эришидан хавотир билдирди. Сўнгги йилларда мамлакатдаги 13 минг музликдан 1 мингтаси бутунлай эриб кетган. Ушбу музликлар Марказий Осиё сувларининг асосий манбаи ҳисобланади.
13 июнга қадар давом этадиган Душанбе конференциясида 2 мингдан ортиқ одам иштирок этмоқда. Танқидчиларнинг айтишича, бундай анжуманлар кўпроқ ташвиқот-тарғибот тусда бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад долзарб сув муаммоларини муҳокама қилиш эмас, балким Тожикистоннинг халқаро майдондаги имиджини шакллантиришдир.
Айни пайтда Тожикистон электр энергиясининг 98 фоизи гидроэнергетика ресурслардан ишлаб чиқарилмоқда.