Ссылки доступа

Бухорода боласини 2 йилдан бери калтаклаб келган она қамалди


Бухоро вилояти Шофиркон туманида кичик ёшдаги фарзандини 2 йилдан буён калтаклаб келган аёлга ҳукм ўқилди, дея хабар бермоқда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг идораси матбуот хизмати.

Январь ойида омбудсманга С.Н. 5 ёшли боласини бешикка боғлаган ҳолда калтаклаб, қийнаб келгани ҳақида маълумот ва видеодалиллар келиб тушганди. Сўнгра ҳолат юзасидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми, «а, в» бандлари (Вояга етмаган, ожиз аҳволдалиги аён бўлган шахсни қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Март ойида аёлнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят аломатлари — қасддан баданга оғир шикаст етказиш ҳам аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди ишни мазмунан кўриб чиқиб, жорий йилнинг 2 май куни чиқарилган суд ҳукмига кўра С.Н. Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми, “в” банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топилиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Билдирилишича, бугунги кунда Шофиркон тумани “Инсон” ижтимоий маркази томонидан 2018 йилда туғилган С.Ф.га дастлабки тарзда васий сифатида Б.З. тайинланиб, бола унинг қарамоғига топширилган.

"Ҳозирда васийлик ва ҳомийлик органи томонидан С.Н.ни фарзандига нисбатан бўлган оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи билан боғлиқ тегишли чоралар кўрилмоқда. Болалар омбудсмани боланинг келгуси тақдирини белгилаш жараёнлари юзасидан ўз кузатувини давом эттирмоқда", дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG