Ссылки доступа

Суд Алишер Усмоновни Германиядаги вилла эгаси деб аташни тақиқлади


Германиянинг Ҳамбург ҳудуди суди Tegernseer Stimme газетасига россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг Баварияда вилласи борлиги ҳақидаги даъвони тарқатишни тақиқлади. Бу ҳақда суднинг 10 июндаги қарорида айтилади.

Тақиқни бузган ҳар бир ҳолат учун суд 250 минг еврогача жарима солади. Жаримани ундиришнинг иложи бўлмаса, судланувчи ҳар бир қоидабузарлик учун 6 ойгача, барчасини қўшиб ҳисоблаганда 2 йилгача маъмурий қамоққа олиниши мумкин.

Усмоновнинг адвокатлари газетани 2017 йилда чоп этилган мақола юзасидан судга берган эди, унда тадбиркор «миш-мишларга кўра, Тегернзее кўлида 1 йил давомида катта виллага эгалик қилгани» ёзилган.

Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Алишер Усмонов ҳам бошқа кўплаб россиялик тадбиркор ва сиёсатчилар сингари Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Канада, Австралия ва бошқа давлатлар томонидан санкцияларга учради.

Усмонов ушбу санкциялардан суд орқали халос бўлишга уринмоқда.

Олдинроқ Ҳамбург суди Американинг Forbes нашрига Алишер Усмоновнинг Путин билан алоқаларига доир ахборот тарқатишни тақиқлаганди. Суд нашр эълон қилган қатор маълумотларни "туҳмат" деб баҳолаган.

Шунингдек, аввалроқ Усмонов ўзига нисбатан "олигарх" атамаси қўлланиши юзасидан ҳам судга мурожаат қилгани важидан Европа Иттифоқи ҳужжатларида "олигарх" сўзи "етакчи бизнесмен" деб ўзгартирилгани хабар қилинган.

Аввалроқ Усмонов Ҳамбург судида Kurier газетаси устидан ғалаба қозонган эди. Суд газетанинг Усмонов “Путиннинг севимли олигархи сифатида обрўга эга” ва “Путиннинг ўзи” уни шундай ҳисоблашига оид иддаоларини асоссиз деб топди. Суд бу иддаони очиқчасига тасдиқловчи далил йўқ, деган қарорга келган. Усмоновнинг ЕИ санкцияларида келтирилган асослардан бирида “Путиннинг севимли олигархларидан бири” ўлароқ кўрсатилгани бундай баёнотни асослаш учун етарли эмас. Суд Усмоновга нисбатан бундай ибораларни қўллаш унинг ҳуқуқларини бузади, деб ҳисоблаган.

Асли ўзбекистонлик Усмонов дунёнинг энг бой одамларидан бири саналади. У ва бир неча яқинлари ЕИ, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари, шунингдек, Украинанинг санкциялар рўйхатига киритилган. Усмонов бу чекловлар устидан судларга ариза киритган.

XS
SM
MD
LG