Ссылки доступа

Оқилбек Жапаров: Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш августда бошланади


311 километр узунликдаги темир йўл Қирғизистон ҳудудида “Торугарт – Қўш-Добо – Қозармон – Жалолобод” схемаси бўйича амалга оширилиши, лойиҳанинг дастлабки қиймати 4 миллиард 700 миллион долларни ташкил этиши айтилмоқда.

“Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлини қуриш ишлари августдан бошланади.Бу ҳақда Қирғизистон Бош вазири Оқилбек Жапаров 13 июнь куни бўлиб ўтган Жўқорғу Кенеш мажлисида айтиб ўтган.

Жапаров Пекин шаҳрида 6 май куни “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битим имзоланганини эслатди. У, шунингдек, лойиҳани молиялаштириш масаласи ҳам ҳал бўлганини маълум қилди.

Аввалроқ президент Садир Жапаров темир йўл қурилиши октябрда бошланишини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Қирғизистон логистика борасида "боши берк кўчадаги" давлат бўлиб, дунё бозорига Қозоғистон ва Россия темир йўллари орқали чиқади.

“Темир йўл қурилса, биз дунёга чиқа оламиз. Бу ўзимизнинг йўлимиз бўлади”, деган Қирғизистон президенти.

Иқтисодчи ва таҳлилчи Искендер Шаршеев Озодлик радиоси билан суҳбатда ушбу темир йўл Қирғизистонга иқтисодий фойда келтириши мумкинлигини урғулаган. Масалан, янги темир йўл Қирғизистоннинг Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё, шунингдек, Европа билан транспорт алоқаларини мустаҳкамлайди. Шунингдек, ушбу лойиҳа янги иш ўринларини яратиши ҳам кутилмоқда. Бироқ, экспертнинг фикрича, йирик халқаро инвесторларнинг кўмагисиз, Қирғизистоннинг бир ўзи бу темир йўлни молиялаштириши мураккаб масаладир.

Октябрь ойида қирғиз расмийлари 311 километр узунликдаги темир йўл Қирғизистон ҳудудида “Торугарт – Қўш-Добо – Қозармон – Жалолобод” схемаси бўйича амалга оширилишини, лойиҳанинг дастлабки қиймати 4 миллиард 700 миллион долларни ташкил этишини билдирган эди.

“Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим ўтган йил сентябрида Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммити доирасида ҳам имзоланган эди. Ҳужжатда Қирғизистон ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган эди.

XS
SM
MD
LG