Рейдлар София кўчаси, Непокорённие шоҳкўчаси ва Петро-Славянка посёлкасидаги бозорларда бўлиб ўтган. Полициячилар 350 дан зиёд мигрантнинг ҳужжатини текширишиб, улардан 49 нафарини бўлимга олиб кетишган. Мигрантлар РФ Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 3-қисми (“Хорижлик фуқаролар томонидан РФга кириш қоидалари ёки бўлиш тартибининг бузилиши”) бўйича жавобгарликка тортилганлар.
Шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси ходимлари томонидан хорижликлар бошқарувидаги 242 та автомобиль текширилган, улардан йўл ҳаракати қоидаларини бузган 6 нафар ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилган.
ИИБ маълумотига кўра, текширувлар 11 июнь куни Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган 20 яшар икки фуқаро 26 ёшли мигрантни ўғирлаб, калтаклаб, телефони ва шахсий ашёларини олиб қўйиб, банк картасидан 55 минг рублни ечиб олгани ортидан ўтказилган. Ҳодиса юзасидан талончилик моддаси бўйича жиноят иши очилган, гумонланувчилар қўлга олинган.
Полиция хабарномасида айтилишича, мигрантлар кўп тўпланадиган ва зич яшайдиган жойларда криминал ҳолатлар кузатилаётганига жавобан полиция бу ерларда эндиликда доимий равишда текширувлар ўтказиб туради.
Би-би-си рус хизмати аввалроқ хорижлик фуқаролар томонидан Россияга кириш қоидаларининг бузилишига оид текширувлар “Крокус Сити Холл”даги теракт ортидан кўпайганига эътибор қаратган. Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокат полиция мигрантлар орасида паспорт текшириш ишларини кучайтирганини маълум қилган.
“Полиция кўчадан қарийб барча мигрантлар, айниқса Тожикистон паспортига эга бўлганларни йиғиштириб кетяпти. Уларнинг ҳаммаси бўлимга олиб бориб, текширувдан ўтказиляпти, кейин эса уларнинг ярми қўйиб юбориляпти”, дея иддао қилган у.