Ссылки доступа

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли Хитой кредити эвазига қурилади

Уч давлат ўртасидаги темир йўли Хитойни Марказий Осиё минтақаси билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланиши, келгусида бу йўл уч мамлакатга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини бериши кутилмоқда.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш учун Хитой 2 млрд 350 млн доллар кредит ажратади.

Бу ҳақда 18 июнь куни "Қирғиз темир йўли” давлат компанияси бош директори Азамат Сақиев парламент қўмитасининг йиғилишида маълум қилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 млрд долларга баҳоланмоқда. Маблағнинг ярми – 2 млрд 350 млн долларни Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитой вакилларидан иборат қўшма лойиҳа компанияси (ҚЛК) кредит сифатида олади.

“Хитой бу сумманинг 50 фоизини кредит сифатида беради. Қолган 50 фоизини томонлар ўзи топиши керак”, — дея тушунтирди Сакиев.

У Хитой ажратаётган кредитнинг шартлари ва фоизи ҳали аниқ эмаслигини айтган.

Қўшма лойиҳа компаниясида (ҚЛК) Хитой 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса 24,5 фоиздан улушга эга.

Хитой пойтахти Пекин шаҳрида 6 май куни “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзолаш маросими ўтказилган.

Уч давлат ўртасидаги темир йўли Хитойни Марказий Осиё минтақаси билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланиши, келгусида бу йўл уч мамлакатга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини бериши кутилмоқда.

Ўзбекистон президентига кўра, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши оқибатида вужудга келадиган иқтисодий самара янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилиши, ўзаро савдо ҳажми каррасига ошиши, саноат кооперацияси кенгайиши, инвестициявий жозибадорлик ўсиши ва энг муҳими – аҳоли турмуш даражаси ошида намоён бўлади.

Қурилажак темир йўл, келишувга кўра, Қашғар – Тўруғарт – Мақмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтади.

Лойиҳа якунига етказилган тақдирда бу йўл орқали йилига 15 миллион тоннагача юк ташилиши мумкинлиги, товарларни харидорларига етказиш муддати эса бир ҳафтага қисқариши тахмин қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG