Ссылки доступа

Тожикистонда "милийлликка ёт бўлган" либослар тақиқланмоқда


Одатда бундай либос сифатида аёллар қора кийими, қора рўмол ва ҳижоби, баъзида мини юбка, декольте ва шаффоф матодан тайёрланган кўйлаклари тушунилади. Бироқ қонунчиликда миллий либосга таъриф берилмаган, бу назоратчиларнинг ўзбошимча талқинига қолдирилган.

Тожикистон парламентининг юқори палатаси “Анъаналар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришларни 19 июнь куни маъқуллади.

Тожикистонда “миллий маданиятга мос бўлмаган" либосларни олиб кириш, сотиш ва жамоат жойларида кийиш энди жарима билан жазоланади.

Шунингдек, Ҳайит байрамларида нишонланадиган "идгардак" анъанаси ҳам тақиқланмоқда.

Идгардак Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити арафасида болалар нишонлайдиган байрам ҳисобланади, унда болаларга ширинликлар инъом этилади.

Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Сулаймон Давлатзода аввалроқ ушбу ўзгартиришлар "болаларни тўғри тарбиялаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида" қабул қилинаётганини айтган эди.

Тожик жамиятида "идгардак" анъанаси борасида баҳс-мунозара анчадан бери давом этмоқда. Бир неча йил аввал Тожикистон Мусулмонлар идораси «идгардак»ни шариат ва ҳанафий мазҳабига зидлигини айтган эди. Айрим маданиятшунослар Озоди радиоси билан суҳбатда, "идгардак" анъанаси диний маросим эмас, шунчаки тожикларнинг урф-одатлари ва миллий маданиятининг бир қисми эканлигини, бу анъана жамиятда силаи раҳим ришталарини мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидламоқда.

Гарчи ушбу янги нормалар ҳали расман кучга кирмаган бўлса-да, "милийлликка ёт бўлган" либосларни тақиқлаш кампанияси аллақачон бошланиб кетган.

Ҳусусан, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан бирида, шифохонага кираверишда ҳижобли аёллар «нотўғри ўралган ҳижоби» деб 3500 сомоний жаримага тортилиши ҳақида огоҳлантирилмоқда. Назоратчилар ҳижобдаги аёлларга “тожикча услубда” рўмол ўрашни қатъий тавсия қилмоқда.

Пойтахтдаги тиббиёт муассасаларидан бирининг раҳбарияти Озодлик билан аноним суҳбатда ҳақиқатдан ҳам "тепадан ҳижобли аёлларни бинога киритмаслик ҳақида кўрсатма туширилганини" тасдиқлаган.

Тожикистон ҳукумати анчадан бери "милийлликка ёт бўлган" либос ва анъаналарга қарши кампания олиб бормоқда. Одатда бундай либос сифатида аёллар қора кийими, қора рўмол ва ҳижоби, баъзида мини юбкалари, декольте ва шаффоф матодан тайёрланган кўйлаклари тушунилади. Бироқ қонунчиликда миллий либосга таъриф берилмаган, бу назоратчиларнинг ўзбошимча талқинига қолдирилган.

XS
SM
MD
LG