Ссылки доступа

Ўзбекистонда Мўғулистон элчихонаси очилди


Ўзбекистон тез кунларда Улан-Баторда ўз элчихонасини очиш ниятида.

Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Тошкентда Мўғулистон элчихонаси очилди.

Мўғулистон президенти элчихона очилиши маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Баттсетсег ва бошқа расмий шахслар ҳам иштирок этди.

Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги биринчи элчиси этиб Дааданхуу Батбаатар тайинланди.

Бунгача Тошкентда Мўғулистоннинг фахрий консуллиги бўлган.

Мўғулистоннинг «Монтсаме» агентлиги хабарига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев Мўғулистон раҳбари билан музокаралар чоғида Ўзбекистон яқин вақт ичида Улан-Баторда ўз элчихонасини очиш ниятида эканини маълум қилган.

Ухнаагийн Хурэлсух Тошкентга рафиқаси Лувсандорж Болорцетцег ҳамроҳлигида 23 июнь оқшомида учиб келган.

Уч кунлик ташрифга оид тадбирлар 24 июнь куни эрталаб Кўксарой қароргоҳида Мўғулистон президентини расмий кутиб олиш маросими билан бошланган.

Икки президент музокараларидан сўнг икки томонлама ҳужжатлар пакети имзоланган. Бизнес вакиллари билан учрашувдан сўнг меҳмон президент мезбон президент ҳамроҳлигида Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт эккан.

Мўғулистон президенти Ўзбекистонга сафари давомида Хива шаҳрига ташриф буюриши режаланган.

XS
SM
MD
LG