Европа Иттифоқи ва Қирғизистон 25 июнь куни Брюсселда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда Еврокомиссия расмий сайтида хабар берилди.
Европа Иттифоқи ҳужжатнинг имзоланиши икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди, деб ҳисоблайди.
Келишув сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўплаб ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги ҳуқуқий асос яратади. “Булар қаторига савдо ва сармоя, барқарор ривожланиш, тадқиқот ва инновациялар, таълим, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, шунингдек, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти киради. Бундан ташқари, бу бизга ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати, жумладан, можароларнинг олдини олиш ва инқирозларни бошқариш, хавфларни камайтириш, киберхавфсизлик, минтақавий барқарорлик, қуролсизланиш, ядровий қуролларни тарқатмаслик, қурол назорати ва экспорт назорати масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради”, — дейилади хабарда.
Шартномани имзолаш орқали Европа Иттифоқи ва Қирғизистон Республикаси халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва нормаларига, шунингдек, самарали кўп томонлама асосда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлаши таъкидланган.
Шу кунларда Қирғизистон президенти Садир Жапаров расмий ташриф билан Брюсселда бўлмоқда. 25 июнь куни у Европа кенгаши президенти Шарл Мишел билан учрашди.
Қирғизистон ва ЕИ ўртасида эски келишув 1999 йилда имзоланган эди. Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги янги шартномани ишлаб чиқиш 2017 йил 19 декабрда бошланган, музокаралар бир ярим йил давом этган ва 2019 йил 6 июлда якунланган. Уни имзолаш жараёни турли сабабларга кўра қолдирилиб келинаётган эди.
Қирғизистон ва Европа Иттифоқи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик шартномасини имзолади

Янги шартнома 2019 йилдаёқ ишлаб чиқилган, бироқ уни имзолаш турли сабабларга кўра қолдирилиб келинаётган эди.