Ссылки доступа

Суд “Крокус”даги теракт ижрочиси ҳисобланган Муҳаммадсобир Файзовни изоляторда қолдирди


Аввалроқ суд уни 22 августга қадар қамоққа олган эди.

25 июнь куни Москва суди "Крокус Сити Холл" концерт залига уюштирилган терактни амалга оширганликда гумон қилинаётганлардан бири Муҳаммадсобир Файзовга нисбатан қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорини ўзгаришсиз қолдирди, аризачининг апелляция шикояти эса қаноатлантирилмади.

Аввалроқ суд уни 22 августга қадар қамоққа олган эди.

19 ёшли Муҳаммадсобир Файзов 23 март куни Россияда қўлга олинган. Уни шифохонадан судга катетер ўрнатилган ҳолда олиб келишган. Таъкидланишича, у қўлга олинаётганда қаршилик кўрсатган. Судгача уни реанимацияда сўроқ қилишган.

Муҳаммадсобирнинг онаси Сайрам Файзова март ойида Озодлик радиосига берган интервьюсида ўғлининг ушбу терактга алоқадорлигига сира ишона олмаслигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Муҳаммадсобир диндор одам бўлмаган ва "дуруст ибодат ҳам қилмаган."

Файзовнинг Россиянинг "ВКонтакте" ижтимоий тармоғидаги аккаунтидаги фотосуратлар ва видеолардан у қувноқ ёш йигит ва сартарошхонанинг яхши ходими сифатида гавдаланади. Баъзи ОАВ Муҳаммадсобирнинг спортга қизиққанини ва Ивановодаги Wар Про спорт залида кикбоксинг бўйича машғулотларга борганини маълум қилган.

“Крокус”даги террор хуружи 2024 йилнинг 22 март куни содир бўлган. Россия Тергов қўмитаси маълумотига кўра, ҳодиса чоғида камида 144 киши қурбон бўлган. Одамларнинг бир қисмини ҳужумчилар отиб ташлаган, кўпчилик эса ёнғин чоғида ҳалок бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни террор гуруҳи ўлароқ тан олинган “Ислом давлати” ўз зиммасига олган. Теракт айнан шу гуруҳ вакиллари томонидан ташкил этилганига АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар ҳам амин. Россия томони теракт ижрочилари ортидан Украина турган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда. Киев барча айбловларни қатъиян рад этиб келади.

Терактнинг муҳтамал ижрочилари қўлга олиш ва сўроқ пайтида катта эҳтимол билан қийноққа дучор этилгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG