Ссылки доступа

Ўзбекистонда кам қувватли АЭС қурилиши шартномасининг кучга кириши тўғрисида баённома имзоланди


Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бўйича биринчи штаб иш бошлади, деб хабар қилмоқда Атом энергияси (Ўзатом) агентлиги матбуот хизмати.

26 июнь куни «Ўзатом» раҳбари Азим Ахмедхаджаев ва Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўринбосари Андрей Петровнинг штабга ташрифи доирасида кичик қувватли АЭС қурилиши шартномасини кучга кириш тартиби тўғрисидаги баённома имзоланди.

Ҳужжатни «Ўзатом» АЭС қурилиш дирекцияси директори Отабек Амаанов ва Марказий Осиёда АЭС қурилиши лойиҳаси «Атомстроекспорт» АЖ директори Павел Безруков имзолади.

Маълум қилинишича, қурилажак 6 блокли АЭС учун куз ойларида инфратузилма объектлари яратилиши режа қилинган. Томонлар штаб майдонида белгиланган вақтда қурилиш ишларини бошлаш, барча инфратузилма билан таъминланган қурувчилар шаҳарчасини барпо этиш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистонда кам қувватли АЭС қуриш бўйича шартнома 27 май куни Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида, “Ўзатом”нинг АЭС қурилиш дирекцияси ва “Росатом”нинг “Атомстройэкспорт” компанияси ўртасида имзоланган эди.

“Ўзатом” агентлиги кам қувватли АЭС қурилиши ишлари шу йил ёздаёқ бошланиши, илк реактор 5 йилдан кейин ишга туширилишини маълум қилган. Лойиҳанинг қиймати ва молиялаштириш манбалари маълум эмас. Лойиҳа Жиззах вилоятининг Фориш тумани Тузкон кўли яқинидаги дастлаб йирик атом электр станциясини жойлаштириш масаласи кўриб чиқилган аввал тасдиқланган майдонда амалга оширилиши режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG