Қозоғистонлик тадбиркор Данияр Абулгазин Грецияда "Персефони II" яхтасини ижарага олганини тасдиқлади.
Маҳаллий ОАВ ёзишича, қозоғистонлик сайёҳлар ижарага олган ушбу яхтадан қирғоққа қаратиб отилган мушаклар оқибатида Гидра оролида бошланган ёнғин 300 минг квадрат метр майдондаги ўрмонни нобуд қилди.
Тадбиркорнинг бу воқеага муносабати Форбес Қозоғистон журналида чоп этилган.
Абулгазин Греция оролида содир бўлган ёнғин муносабати билан “чуқур таассуф” билдирган.
“Грециядан жўнаб кетишимиздан олдин, Греция ҳукумати вакиллари биз билан гаплашди, улар менга ва меҳмонларимга ҳеч қандай даъво билдирмадилар”, деб ёзади Абулгазин.
Унинг таъкидлашича, на у, на унинг меҳмонлари "ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган ҳеч қандай ҳаракат қилмаган".
“Биз яхтада ўрнатилган ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилдик. Мен ҳам, меҳмонларим ҳам яхта экипажидан ёки бошқа учинчи шахслардан ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни амалга оширишни сўрамадик”, — дейилади Абулгазин баёнотида.
Тадбиркор, шунингдек, тергов доирасида Греция расмийлари билан ҳамкорлик қилиш ниятида эканлигини маълум қилди.
21 июнь куни "Персефони II" яхтасидан Греция оролларидан бирининг қирғоқлари яқинида отилган мушаклар ўрмон ёнғинига сабаб бўлди. Яхтада бадавлат қозоғистонликлар оилавий дам олаётган бўлган. Эртаси куни улар шахсий самолётда Греция ҳудудини тарк этишди. Бу ҳақда Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш тадқиқот маркази (OCCRP) хабар берди.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, 13 нафар яхта экипажи аъзоси ҳибсга олинган. Улар барча айбловларни рад этмоқда.
Ижара нархи ҳафтасига 250 минг евро бўлган ҳашаматли 54 метрли яхта бортида бўлган меҳмонларнинг ҳеч бири ҳибсга олинмаган.
Кема ҳужжатида Абулгазиннинг ўғли ва унинг рафиқаси, Қозоғистондаги энг йирик хайрия жамғармаларидан бирининг раҳбари Аидан Сулейменова ҳамда унинг ўринбосари борлиги кўрсатилган.
Яхтада шунингдек “Ҳалқ Банки” бошқаруви раиси Умут Шаяхметова, унинг турмуш ўртоғи, KMG International NV нефть компаниясининг собиқ топ-менежери Беимбет Шаяхметов ва уларнинг қизи бўлган. Улар ҳам журналистларнинг сўровига жавоб бермаган.
27 июнь куни маҳаллий ОАВ Греция прокуратураси яхтадаги саккиз йўловчига нисбатан айблов эълон қилгани ҳақида хабар берди. Қозоғистонликлардан ташқари яхта бортида икки нафар Полша фуқароси ва бир Британия фуқароси ҳам бўлган.
Маҳаллий ОАВ ёзишича, қозоғистонлик сайёҳлар ижарага олган яхтасидан қирғоққа қаратиб мушаклар отишининг натижасида Гидра оролида бошланган ёнғин 300 минг квадрат метр майдондаги ўрмонни нобуд қилди.