БМТ Бош котиби Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара низолари тинч йўл билан ҳал этилишига умид билдирди. Бу ҳақда Антониу Гутерриш 2 июль куни Чўлпонота шаҳрида Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашувда маълум қилди.
"Ишончим комилки, Тожикистон билан чегара масаласи дипломатик йўл билан, тинч музокаралар ёрдамида ҳал қилинади," - дея Гутерришнинг сўзларидан иқтибос келтиради ТАСС. У чегара муаммоларини ҳал қилишнинг ижобий намунаси сифатида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги умумий чегарани демаркация ва делимитация қилиш муваффақиятли якунланганини келтирган.
"Шу билан бирга, Гутерриш Фарғона водийсида чегара масаласи жуда мураккаб эканлигини тан олди, чунки бу ҳудудда чегаралар "пазл" каби жойлашган," - деб ёзади ТАСС.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.
Тожикистон ва Қирғизистон ҳозирда ушбу чегара масаласини узил-кесил ҳал этишга ва чегара тўғрисидаги битимни имзолашга ҳаракат қилмоқда. Жорий йилнинг тўрт ойида қирғиз-тожик чегарасининг қарийб 196 километри бўйича келишувга эришилган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 5 февраль куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубоев билан учрашувда маълум қилишича, бугунги кунда икки давлат чегарасининг деярли 90 фоизини тавсифлаш ишлари якунланган. Чегаранинг қолган 10% масаласи ҳам баҳоргача ҳал этилиши айтилган эди.
Антониу Гутерриш ўзининг Марказий Осиё бўйлаб саёҳати доирасида минтақанинг барча бешта давлатида бўлади.
Бу икки давлат ўртасидаги чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида чегарачилар ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.