Ссылки доступа

Ўзбекистонда хорижий сиёсий партиялар фаолияти тақиқланди


Ўзбекистонда хорижий давлатларнинг сиёсий партиялари, уларнинг бўлинмаларини ташкил этиш тақиқланди. “Сиёсий партиялар тўғрисидаги” қонунга тегишли қўшимча киритилди.

Қўшимча ва ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонунни президент Шавкат Мирзиёев 2 июль куни имзолаган.

“Қонуннинг 6-моддаси қуйидаги мазмундаги еттинчи қисм билан тўлдирилсин: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг сиёсий партияларини, уларнинг бўлинмаларини ташкил этишга ва уларнинг фаолияти амалга оширилишига йўл қўйилмайди”, - дейилган ҳужжатда.

Таъкидланишича, мамлакатда сиёсий партиялар фаолиятини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, сиёсий партиялар фаолиятини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва мамлакатда хорижий давлатларнинг сиёсий партиялар фаолияти амалга оширилишини тартибга солиш талаб этилади.

Ўзбекистонда бешта сиёсий партия рўйхатга олинган: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партияси, "Миллий тикланиш" демократик партияси, "Адолат" социал-демократик партияси, Халқ демократик партияси ва Экологик партия.

Навбатдаги парламент сайловлари кузда бўлиб ўтади. Охиргиси 2019 йилда бўлиб ўтган эди.

XS
SM
MD
LG