“Тўққиз ойдан буён Ғазо секторида кечаётган қонли уруш оқибатлари бизни чуқур қайғу ва изтиробга солмоқда. Тўқнашувлар 40 мингга яқин аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар ҳаётига зомин бўлганини ҳеч бир сабаб ва баҳона билан оқлаб бўлмайди. Биз зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга, тинчлик жараёнларини тезроқ бошлашга чақирамиз”, деди Мирзиёев.
Унинг айтишича, мустақил ва озод Фаластин давлатининг ташкил этилиши Яқин Шарқда стратегик барқарорлик ва тинчликни таъминлашнинг энг асосий шартидир.
Шунингдек, Мирзиёев Афғонистондаги вазиятга ҳам эътиборини қаратди.
“Минг афсуски, жаҳоннинг бошқа минтақаларида уруш ва можаролар кучайиб бораётгани оқибатида ён қўшнимиз бўлган ва кўп миллионли туркий халқлар истиқомат қилаётган Афғонистондаги вазият халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолиб кетмоқда”, дейди Ўзбекистон раҳбари.