Тожикистоннинг Бўстон шаҳрида Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари ҳамраислари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимовнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматининг хабар беришича, ҳукумат делегациялари раҳбарлари Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасини қолган участкаларда делимитация қилиш масаласини муҳокама қилишни давом эттирдилар.
Қайд этилишича, учрашув якунида чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ишчи гуруҳларга бу борадаги ишларни давом эттириш бўйича топшириқлар берилган.
Шунингдек, 1 июлдан 6 июлга қадар Бўстон шаҳрида топография ишчи гуруҳлари ва ҳуқуқий масалалар бўйича ишчи гуруҳларнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтган.
Томонлар чегара чизиғининг қолган участкаларда ўтишини муҳокама қилган.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.
Тожикистон ва Қирғизистон ҳозирда ушбу чегара масаласини узил-кесил ҳал этишга ва чегара тўғрисидаги битимни имзолашга ҳаракат қилмоқда. Жорий йилнинг тўрт ойида қирғиз-тожик чегарасининг қарийб 196 километри бўйича келишувга эришилган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 5 февраль куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубоев билан учрашувда маълум қилишича, бугунги кунда икки давлат чегарасининг деярли 90 фоизини тавсифлаш ишлари якунланган. Чегаранинг қолган 10% масаласи ҳам баҳоргача ҳал этилиши айтилган эди.
Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.