Қирғизистонда патент солиқ тизимида савдо соҳасида фаолият юритаётган 82 минг 886 тадбиркор бошқа солиқ режимларига ўтди. Бу ҳақда Давлат солиқ хизмати хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, шундан 65 минг 745 та субъект ягона солиқ асосида соддалаштирилган солиқ солиш тизимини танлаган бўлса, стратегик объектлар қаторига киритилган "Дордой" ва "Тўртали эл бозор" ("Қора-Сув") савдо мажмуалари бозорларида фаолият юритаётган 17 минг 141 та субъект махсус солиқ режимига ўтган.
1 июлдан республикада патент асосида савдо фаолиятини юритиш тўхтатилган.
"1990 йилларда жорий этилган патент солиқ тизими мамлакатда кичик ва ўрта тадбиркорликни рағбатлантириш ва ривожлантиришда муҳим роль ўйнади. Бироқ, у солиқ тўловларининг нотекис тақсимланиши ва яширин иқтисодиётнинг ўсиши каби бир қатор салбий оқибатларга ҳам олиб келди," - дейилади ДСҚ хабарида.
ДСҚ қўшимча қилишича, солиқ маъмуриятчилигини янгилаш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, адолатли солиқ тизимини ва солиқ тўловчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида савдо соҳасидаги патентни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Жорий этилган янги солиқ тартибидан норози бозор савдогарлари бутун 2023-2024 йил мобайнида қатор намойишлар ва иш ташлашларни уюштирган. Янги қоидага асосан Қирғизистондаги савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи барча тадбиркорлар сотувларни касса-назорат машиналари воситасида амалга ошириши лозим. Бундан ташқари сотувчилар ва товар етказиб берувчиларга электрон товар-транспорт йўлланмаси ва электрон ҳисоб фактурасидан фойдаланиш мажбурияти юкланган.
Қирғизистон ҳукумати икки йил олдин солиқ тизимининг янги тартибини босқичма-босқич жорий этишни бошлаган. 2024 йил бошидан эса бу тартиб барча тадбиркорлар учун мажбурий бўлиши белгиланганди.
Янги тартибга асосан: касса-назорат машинаси - сотилган маҳсулот ва кўрсатилган хизмат нархини ҳисоблаб борувчи аппарат; электрон товар-транспорт йўлланмаси – товар, товарни жўнатувчи, уни қабул олувчи ва етказиб берувчи транспорт воситаси ҳамда шунга оид бошқа маълумотлардан иборат электрон ҳужжат; электрон ҳисоб фактураси – қўшимча нарх солиғини ҳисоблаш учун товарни сотган ва товарни сотиш бўйича хизмат кўрсатган томонлар тўлдирадиган электрон солиқ ҳужжати.
Жорий этилган янги солиқ тартибидан норози бозор савдогарлари бутун 2023-2024 мобайнида қатор намойишлар ва иш ташлашларни уюштирган.