Ссылки доступа

Қашқадарёда 14 ёшли қизни жинсий қулликда сақлаган аёл қамалди


Қашқадарёда вояга етмаган қизни жинсий алоқа қилишга жалб қилган аёл 7 йилга қамалди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Шахрисабз туманида яшовчи аёл Н.А. 2009 йилда туғилган қизни 2023 йилнинг май ойидан 15 ноябрь кунига қадар Хўжабоғ қишлогидаги уйида мажбуран сақлаб келиб, зўрлик ва таҳдид орқали уни турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган.

Болалар омбудсмани сўровига кўра, Бош прокуратура мазкур ҳолатни назоратга олган бўлиб, вилоят прокуратураси томонидан тузилган тергов гуруҳи жиноят иши юзасидан дастлабки терговни олиб борган.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судида вояга етмаган (2009 йилда туғилган қиз) га нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар юзасидан ёпиқ тарздаги суд муҳокамаси бўлиб ўтди.

Жумладан, судланувчи Н.А. (аёл) Жиноят Кодексининг 135-моддаси 3-қисмининг «а,г» бандлари (Одам савдоси) ҳамда 127- моддасининг 3-қисми (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Судланувчи эркаклар А.Ф. ва Ш. У. ЖКнинг 118-моддаси 3-қисмининг «а» банди (Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш), 135-моддаси 3-қисмининг «а, г» бандлари, 127-моддасининг 3-қисми билан айбли деб топилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Вояга етмаган жабрланувчига ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатилмоқда, деб ёзди болалар омбудсмани.

XS
SM
MD
LG