Ўзбекистонда илк бора республика шаҳарларининг экологик барқарорлиги рейтинги шакллантирилди. Бу ҳақда 11 июль куни Экология вазирлигида яшил шаҳарлар рейтинги тақдимотига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Рейтинг маълумотларига кўра, Наманган шаҳри 100 балдан 62,29 балл тўплаган ҳолда биринчи ўринни эгаллади. Аҳоли жон бошига яшил майдонлар сони бўйича етакчи – Самарқанд 61,13 балл билан иккинчи ўринга муваффақ бўлди. Учинчи ўринни 59,50 балл билан Навоий шаҳри эгаллаган бўлиб, унда киши бошига республика бўйлаб истеъмол қилинадиган электр энергиясининг энг кам миқдори тўғри келади.
Экологик барқарор шаҳарлар рейтинги ҳудудларни 7та йўналишда ўрганиш орқали тузиб чиқилган. Бунда ҳаво сифати, ердан фойдаланиш, транспорт, сув, чиқинди, санитария ва энергия соҳалари қамраб олинган.
Нурафшон шаҳри энг тоза ҳаволи ҳудуд деб топилган. Ҳаво сифати бўйича иккинчи ва учинчи ўринни Самарқанд ва Урганч шаҳарлари эгаллаган. Энг ёмон ҳаво эса Термиз шаҳрида экани қайд этилган.