1 июль куни Қозоғистонда саратонга қарши препаратни синовдан ўтказишнинг иккинчи босқичи бошланди. Бу ҳақда Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек маълум қилди.
“Одамлар устида клиник синовларнинг биринчи босқичи муваффақиятли якунланди. Алматидаги радиология институтида 15 нафар онкологик бемор даволанди, натижалардан умидимиз катта. Бош вазир бу ишни шахсан назоратига олди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда махсус ишчи гуруҳ туздик ва бунинг учун вазирликка миннатдорчилик билдираман”, - деди Саясат Нурбек Ҳукумат йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида.
Вазир, шунингдек, 1 июлдан препаратни синовдан ўтказишнинг иккинчи босқичи бошланганини айтди. 5000 дан ортиқ саратон касаллигига чалинганлар тест учун рўйхатдан ўтган.
“Ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтган беморлар синовнинг иккинчи босқичида иштирок этадилар. Олий илмий-техника комиссияси қарорига кўра, унга 2 миллиард тенгега яқин маблағ кўзда тутилган. Йил охиригача препаратни синовдан ўтказишнинг иккинчи босқичи якунланади ва келгуси йилда уни рўйхатдан ўтказишга умид қиламиз”, - дейди у.
Вазирлик раҳбарининг сўзларига кўра, саратонга қарши дори синовлари Астана, Алмати ва Павлодарда ўтказилмоқда.
Январь ойида қозоғистонлик биотехнолог Дос Сарбасов саратонга қарши дори ишлаб чиққани ҳақида хабар берилган эди. Инновацион препарат дастлаб қуён ва сичқонларда синовдан ўтказилди, сўнгра радиология институтида синовнинг биринчи босқичидан 15 киши ўтди.
Қозоғистоннинг саратонга қарши дориси синовларининг иккинчи босқичи бошланди

Январь ойида қозоғистонлик биотехнолог Дос Сарбасов саратонга қарши дори ишлаб чиққани ҳақида хабар берилган эди. Инновацион препарат дастлаб қуён ва сичқонларда синовдан ўтказилди, сўнгра радиология институтида синовнинг биринчи босқичидан 15 киши ўтди.