Ўш шаҳри прокуратураси Оқбура дарёсининг муҳофаза зонасида ўзбошимчалик билан қурилган 10 та пиёдалар кўприги ва бошқа иншоатларни аниқлади. Бу ҳақда 22 июль куни Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу ноқонуний иншоотлар қурилишига архитектура ва қурилиш ишларига масъул бўлган бир нечта идора ходимлари кўмаклашган.
Мазкур ҳолат юзасидан "лавозимни суиистеъмол қилиш" моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни Ўшда кузатилган шиддатли жала туфайли Оқбура дарёси қирғоғидан тошиб чиққан, бунинг оқибатида шаҳар марказий бозори ва дарё қирғоғидаги объектлар сув остида қолган эди. Сел тошқини натижасида беш киши қурбон бўлган, улардан тўрт нафари битта оила аъзолари бўлишган.
Кейинроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Оқбура дарёси бўйида қурилган ноқонуний иморатлар, кўприклар ва дам олиш масканлари бузиб ташланишини айтди. Шунингдек, ноқонуний қурилишга рухсат берган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган.
14 июль куни Ўшда кузатилган шиддатли жала туфайли Оқбура дарёси қирғоғидан тошиб чиққан, бунинг оқибатида шаҳар марказий бозори ва дарё қирғоғидаги объектлар сув остида қолган эди.