Ссылки доступа

Тожикистон уламолари аёлларга "ёпишиб турувчи,  қоп-қора ёки шаффоф либосларни" киймасликни тавсия қилди


Тожикистон ҳукумати анчадан бери "милийлликка ёт бўлган" либос ва анъаналарга қарши кампания олиб бормоқда.

Тожикистон уламолар кенгаши аёл ва қизларга "ёпишиб турувчи, қоп-қора ёки шаффоф либосларни" киймасликни тавсия қилди. Яъни, уламолар "милийлликка ёт бўлган" либосларни киймасликни тавсия қилган.

Фатво матни 26 июль куни Тожикистон Ислом маркази сайтида эълон қилинган.

Фатвода айтилишича, ёпишиб турувчи ва шаффоф либослар "алоҳида тана аъзоларга диққатни жалб этади", "қора ранг эса ҳанафий мазҳаби нуқтаи назаридан мажбурий эмас ва Тожикистоннинг миллий хусусиятлари ва географик шароитларига мос келмайди." Гарчи фатвода қора либосга аниқлик киритилмаган бўлсада, аммо "арабларникидек" қора ниқоб ва абаялар назарда тутилганлиги кундек равшан бўлиб турибди.

"Тожик аёллари асрлар давомида шариат талабларига жавоб берадиган, маҳаллий урф-одатлар ва элементларни, шунингдек, табиий-географик хусусиятларни ҳисобга олган кийимларни кийиб келганлар ва киядилар," - дейилади фатвода.

Тожикистонда "милийлликка ёт бўлган" либослар қонунан тақиқланган. Тожикистон парламентининг юқори палатаси “Анъаналар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришларни 19 июнь куни маъқуллаганди.

Тожикистонда “миллий маданиятга мос бўлмаган" либосларни олиб кириш, сотиш ва жамоат жойларида кийиш энди жарима билан жазоланади.

Тожикистон ҳукумати анчадан бери "милийлликка ёт бўлган" либос ва анъаналарга қарши кампания олиб бормоқда. Одатда бундай либос сифатида аёллар қора кийими, қора рўмол ва ҳижоби, баъзида мини юбкалари, декольте ва шаффоф матодан тайёрланган кўйлаклари тушунилади. Бироқ қонунчиликда миллий либосга таъриф берилмаган, бу назоратчиларнинг ўзбошимча талқинига қолдирилган.

XS
SM
MD
LG