Қозоғистоннинг бир қанча вилоятларидаги судлар мактаб маъмуриятларининг рўмолли қизларни дарсга киритишни рад этишини ва уларни мактабдан четлаштиришини ноқонуний деб топди.
Ҳусусан, Қарағанда вилоят суди ҳижобли ўқувчи қизларни дарсга киритилмаётганини таълим олиш ҳуқуқига зид деб топган ва маҳаллий таълим бошқармаларига бу ҳуқуқбузарликларни бартараф этишни топширган. Бироқ, маҳаллий судларнинг ажримлари муаммони ҳал қилмаяпти, дейди ота-оналар.
Аввалроқ Конституциявий суд мактабда рўмолга қўйилган тақиқ Конституцияга зидлигини кўриб чиқишни рад этганди. Конституциявий суд бу масалани кўриб чиқмаслигини судлар ёки бошқа давлат органларининг ваколатига кирувчи масалаларни кўриб чиқишдан "тийилиши" билан изоҳлаган.
Шу кунларда Қарағанда, Павлодар ва Олмаота вилоятларида судлар рўмол ўраган ўқувчи қизларнинг фойдасига қарор чиқариб, мактабларни уларни дарсларга киритишга мажбур қилди. Худди шундай иш Туркистон вилоятида ҳам кўриб чиқилган.
Таълим вазирининг "Мажбурий мактаб формаси тўғрисида"ги буйруғи билан мактабда диний либос тақиқланган. Диний либос сифатида ҳижоб, ниқоб ва бурқалар тилга олинган. Вазирликнинг топшириғини рўкач қилаётган мактаблар раҳбарияти қозоқларнинг анъанавий оқ рўмолини ҳам ҳижобга тенглаштириб, мактаб ҳудудида уни ечишни талаб қилмоқда.
Айни пайтда мамлакат судларида рўмол ўраган қизлар мактаб раҳбарияти томонидан дарсларга киритилмаётгани устидан 13 та даъво киритилган.
Қозоқ жамиятида бир неча йиллардан бери мактабларда диний либос масаласи қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда.
Қозоқ жамиятида бир неча йиллардан бери мактабларда диний либос масаласи қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда.