Ссылки доступа

NYT: Хоманаий Ҳания ўлимига жавобан Исроилга ҳужум қилишни буюрди


Эрон Олий руҳонийси Али Хоманаий
Эрон Олий руҳонийси Али Хоманаий

Исмоил Ҳария ўлимидан кейин оятуллоҳ Али Хоманаий Теҳрон “шаҳид кетган” ҲАМАС лидери учун “қасос олишни ўз бурчи деб ҳисоблаши”ни билдирган.

АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳи сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг Теҳронда ўлдирилиши ортидан Эрон Олий руҳонийси Али Хоманаий Исроилга тўғридан-тўғри зарба беришга буйруқ берган. Бу ҳақда The New York Times нашри эронлик уч хабардор манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр қайдича, буйруқ Ҳания ўлими ҳақида маълумот пайдо бўлганидан кўп ўтмай — 31 июль куни Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгашининг фавқулодда мажлиси чоғида берилган.

Ҳужум характери ва кўламига оид маълумот йўқ. Нашр суҳбатдошлари қуролли жавобнинг бир неча варианти мавжудлиги, улар орасида Тель-Авив ва Ҳайфа яқинидаги ҳарбий объектларга ракета ва дронлар билан зарба бериш кабилар борлигини айтишган. Шунингдек, Эрон ҳамда унинг Яман, Сурия ва Ироқ каби иттифоқчилари иштирокида мувофиқлаштирилган ҳужум эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, Хоманаий мамлакат ҳарбийларига Исроил ва АҚШ томонидан Эронга жавоб зарбаси берилган тақдирда мудофаа ва ҳужум режаларини ҳам ишлаб чиқишни топширган, дея қўшимча қилган NYT.

Аввалроқ Эрондаги Жамкарон масжиди узра тезкор қасос рамзи бўлган қизил байроқ кўтарилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Исмоил Ҳария ўлимидан кейин оятуллоҳ Али Хоманаий Теҳрон “шаҳид кетган” ҲАМАС лидери учун “қасос олишни ўз бурчи деб ҳисоблаши”ни билдирган.

ҲАМАС лидери Исмоил Ҳания 31 июль куни ракета зарбаси оқибатида ўлдирилган эди. ҲАМАС гуруҳи ҳужумни “хиёнаткорона” деб атаб, бунга “сионистларнинг маккорона зарбаси” сабаб бўлганини иддао қилган. Исроил расмийлари бу айбловларга ҳали расман изоҳ берганларича йўқ.

XS
SM
MD
LG