Ссылки доступа

Тошкентда 30 нафар шахс қиморхона ташкил қилишда гумонланиб қўлга олинди


Қиморхоналар ташкил этиш 7 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши мумкин.

Тошкентда онлайн қимор ўйинлари ўтказиб келинаётгани 12 нафар чет эл ва 18 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Ушбу қиморхонада 3 ой давомида 900 минг доллар айлантирилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қиливчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги хонадонда онлайн қимор ўйинлари ўтказиб келинаётгани аниқланди, дея хабар бермоқда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, олинган тезкор маълумот асосида тумандаги хонадонларнинг бири холислар иштирокида кўздан кечирилган. Уй чет эл фуқаролари бошчилигида ижарага олингани ва таваккалчиликка асосланган онлайн қимор ўйинлари ўтказиб келинаётгани маълум бўлган.

Тезкор тадбир давомида ашёвий далил сифатида 37 дона ноутбук ва роутер, 1400 доллар пул, 34 та сим карта, 7 та телефон, 12 та банк пластик картаси далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Тергов жараёнида аниқланишича, 3 ой давомида ушбу қиморхонада 900 минг доллар айлантирилган. Гумонланувчи сифатида 12 нафар чет эл ва 18 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан, ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш 7 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG