Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Остона шаҳрида шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини тантанали равишда очдилар.
Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатиш ташаббуси учун самимий миннатдорлик билдириб, Қозоғистон пойтахти марказида муҳташам ёдгорлик бунёд этилгани қозоқ халқининг қардош Ўзбекистонга бўлган чуқур ҳурматининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.
"Буюк файласуф ва инсопарвар шоир Алишер Навоийнинг ижодий мероси нафақат ўзбек халқига, балки бутун дунёга тегишли ноёб бойликдир."- деди Ўзбекистон президенти.
2020 йилда марҳум қозоқ шоири Несипбек Айтули Алишер Навоийнинг энг муҳим асари - "Хамса"ни қозоқ тилига таржима қилиб, нашр этди ва ушбу китобга сўзбоши шахсан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев томонидан ёзилди.
Расмий ахборот манбаларига кўра, Шавкат Мирзиёевнинг 7 август куни бошланган Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида ўндан ортиқ битим, келишув ва дастурлар қабул қилинган.
Мезбон Қасим-Жомарт Тоқаев меҳмон ҳамкасби Шавкат Мирзиёевни “Олтин қирон” (“Олтин бургут”) ордени билан ҳам тақдирлади. Қайд этилишича, мазкур орден Қозоғистон билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган давлат арбобларига берилади.
Дастурга мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва "Марказий Осиё + Япония" форматидаги мулоқотда иштирок этиш ҳам режалаштирилган.