Ссылки доступа

Ўзбекистон бокс жамоаси бош мураббийи ғалабани нишонлаш пайтида юрак хуружига учради


Унга яқин атрофда бўлган Британия бокс жамоаси мутахассислари ёрдам берди.

Буюк Британия терма жамоасининг икки нафар ёрдамчи ходими Олимпия ўйинларида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличевнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.

Айтилишича, финалда франциялик Билол Беннамани мағлуб этган Хасанбой Дўсматовнинг олтин медалини нишонлаш чоғида 41 ёшли Тўлқин Қиличевнинг юраги хуруж қилган.

Буюк Британиянинг бокс бўйича шифокори Харж Сингх ва физиотерапевт Робби Лиллис ҳам машғулот ҳудуди яқинида бўлишган ва унга шошилинч ёрдам кўрсатишган. Сингх сунъий нафас берган, Лиллис эса дефибрилляторни қўллаган.

«Ўзбекистон мураббийлар жамоаси машғулот жойига қайтиб келишди ва уларнинг барчаси ғалабани нишонлади, сўнгра бу ҳудуддан байрам билан боғлиқ бўлмаган ҳайқириқлар эшитилди. Шифокорларни чақиринг, деган овозлар бўлди. Харж биринчи бўлиб ёрдамга югурди ва мен унинг орқасидан қўлимдаги сумка билан эргашдим», — деди Лиллис.

«Мен хонага 30 сония ўтиб етиб келганимда, Харж аллақачон мураббийда юрак-ўпка реанимациясини бажаришни бошлаган эди. Биз унинг юрак уриш тезлигини таҳлил қилганимиздан сўнг, у шок кераклигини айтди, шунинг учун биз ҳаммани чиқариб юбордик ва буни қилдик», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Тўлқин Қиличев Харж сунъий нафас беришни давом эттиргандан сўнг тахминан 20−30 сонияларда ҳушига келган.

Тўлқин Қиличевнинг юрак хуружидан кейинги аҳволи мўтадил, деб баҳоланмоқда. Бу ҳақда Бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Олимпиадада бокс бўйича медаллар жамғармаси ғолиби Ўзбекистон бўлди, мамлакат вакиллари — эркаклар жамоасининг етти нафар аъзосидан бештаси олтин медални қўлга киритди. Ушбу рейтингда иккинчи ўринни боксчилари учта олтин ва иккита кумуш медални қўлга киритган Хитой эгаллади. Хитой Тайпейи битта олтин ва иккита бронза медали билан учинчи бўлди.

XS
SM
MD
LG