Москвадаги "Қозоқ диаспораси" ННТ раҳбари Пўлат Жамоловга Россия армияси ҳақида "фейклар" тарқатганликда айбланмоқда.
Москванинг Останкино туман суди Жамоловга нисбатан муайян ҳаракатларни тақиқлаш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллади. Бу ҳақида хабар берган Москва умумий юрисдикция судларининг телеграм-каналида айнан қандай ҳаракатлар ҳақида гап кетаётгани аниқлаштирилмаган.
Терговнинг таъкидлашича, Жамолов барча оқибатларини англаган тарзда сиёсий, миллий нафрат ва адоват туйғуларига берилиб интернет тармоғидаги саҳифасига Россия армияси ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотни жойлаштирган.
Жиноий таъқибга унинг Facebook саҳифасидаги пости сабаб бўлган. Постда у Украинада Россия ҳарбийларининг йўқотишлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатни эълон қилди. Бундан ташқари, Жамолов январь воқеалари пайтида Россия қўшинларининг Қозоғистонга киришини танқид қилиб, буни оккупация деб атаган.
2024 йил бошида Россия Тергов қўмитаси 2023 йилда Россия Қуролли кучларининг ҳаракатлари ҳақидаги "фейк"ларни оммавий равишда тарқатишга оид модда бўйича 90 та жиноят иши қўзғатилгани, бундай жиноий жавобгарлик жорий этилганидан буён эса жами 273 та иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган эди.
Пўлат Жамолов - Москва Қозоқ минтақавий миллий-маданий автономияси раиси, физик, ахборот технологиялари билан шуғулланган. 1990 йилдан - Москва "Қозоқ тили" жамиятининг ҳаммуассиси, бошқарув аъзоси, раис ўринбосари. "Москванинг 850 йиллиги" медали, Москва ҳукуматининг "Миллатлараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун" олтин фахрий нишони билан тақдирланган.
Жиноий таъқибга унинг Facebook саҳифасидаги пости сабаб бўлган.