Қозоғистоннинг Коррупцияга қарши кураш хизмати Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболди мамлакатдан ноқонуний олиб чиқиб кетган 732 миллиард тенгедан (1,6 млрд доллар) ортиқ маблағ бюджетга қайтарилганини маълум қилди.
Апрель ойида Остонада суд Қайрат Сотиболди қарши янги жиноят ишини кўриб чиқа бошлаганди. У жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштиришда айбланган. Тергов давомида Қайрат Сатибалди "айбини тўлиқ тан олди, зарарни тўлиқ қоплади, шунингдек, жиноий ҳуқуқбузарликларни тергов қилишга ва жиноий йўл билан топилган мулкни қайтаришга ёрдам берди."
Умумий қиймати қарийб 1,6 млрд АҚШ долларига тенг бу маблағ давлатга етказилган зарарни қоплаш учун бюджетга туширилган.
"Масалан, 158 миллиард тенгедан ортиқ қийматга эга бўлган 115 та объект мусодара қилинди, шундан 73 та кўчмас мулк объекти (13 та уй, 10 та бино, 13 та ер участкаси, 4 та хонадон, 3 та бино, 2 та мадраса биноси, 2 та автотураргоҳ, 25 та жой, 1 та қурилиши тугалланмаган объект), 37 та кўчар мулк объекти (29 та автомашина, 5 та махсус техника, 3 та квадроцикл) ва бошқа мулклар," - дейилади "Антикор" баёнотида.
Солиқдан қочиш бўйича яна бир жиноий иш доирасида ҳозирда тергов кетмоқда.
Аввалроқ Шарқий Қозоғистон вилояти суди Қайрат Сотиболдини колониядан шартли равишда озод этишни рад этган эди.
Қайрат Сотиболди 2022 йил сентябрида олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Шунингдек, унинг мол-мулки мусодара қилиниб, 10 йилга давлат лавозимларида ишлаш тақиқланган.
У “Транспорт сервис маркази” компаниясининг 28 миллиард тенгедан ортиқ маблағини ўзлаштириш ҳамда «Қозоқтелеком» компаниясига 12 миллиард тенгедан ортиқ моддий зарар етказишда айбдор деб топилган.
Бу маблағ давлатга етказилган зарарни қоплаш учун бюджетга туширилган.