Ссылки доступа

HRW: "Толибон" дунёдаги энг жиддий аёллар ҳуқуқлари инқирозини келтириб чиқарди


Жумладан, қизларнинг таълим олишига тақиқ келажакда аёл шифокорлар етишмаслигига олиб келади, деб огоҳлантирмоқда HRW. 

Толибон ҳаракати 2021 йил август ойида ҳокимият тепасига қайтганидан кейин аёллар ва қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ дунёдаги энг жиддий инқирозни келтириб чиқарди.

Бу ҳақда 11 август куни Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.

Ташкилот баёнотида айтилишича, Толибон даврида Афғонистон ўсмир қизларнинг олтинчи синфдан кейин мактабга боришини тақиқланган ягона мамлакатга айланган.

Толиблар, шунингдек, аёлларнинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қиладилар ва кўпгина меҳнат турларини улар учун тақиқлаб қўйган. Шунингдек, гендер зўравонликка учраган аёлларни ҳимоя қилиш чоралари бекор қилинган, тиббий ёрдам олишда тўсиқлар яратилган ва спорт билан шуғулланиш ва ҳатто истироҳат боғларига бориш тақиқланган.
Қизларнинг таълим олишига тақиқ келажакда аёл шифокорлар етишмаслигига олиб келади, деб огоҳлантирмоқда HRW.

Афғонистон дуч келаётган кенг кўламли гуманитар инқироз, хусусан, инсонпарварлик ёрдамининг етарли даражада молиялаштирилмагани ва афғон қочқинларининг Покистондан оммавий равишда қайтарилиши фонида афғон аёлларига нисбатан босим кучаймоқда. Аёллар ва қизлар Афғонистонда давом этаётган гуманитар инқироздан энг жиддий жабрланганлар қаторига киради, деди HRW.

БМТнинг Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннет вазиятни "аёлларни дискриминация, сегрегация, инсоний қадр-қимматини ҳурмат қилмасликнинг институционаллашган тизими" деб таърифлаган.

HRW баёнотида айтилишича, Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилаётган давлатлар унга хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ушбу мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини бузилиши эканлигини доимий равишда эслатиб туриши лозим.

XS
SM
MD
LG