Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги яқинда кучга кирган баъзи тақиқларга мухолифат вакиллари, айрим халқаро ташкилотлар ва уламоларнинг муносабатини "ғаразли" деб атади.
"Анъаналар, тантаналар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририга кўра, Тожикистонда июнь ойидан "миллий маданиятга мос келмайдиган кийимларни олиб кириш, тарғиб қилиш ва сотиш" тақиқланган.
Илгари ушбу қонун талабларига риоя этмаганлик учун фақат маъмурий жавобгарлик назарда тутилган бўлса, энди катта миқдордаги жарима ва уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жиноий жавобгарлиги ҳам белгиланган.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фаррух Шарифзода 13 август куни Душанбеда хорижий дипломатлар ва журналистлар иштирокида янги таҳрирдаги қонунни қабул қилишдан мақсад миллий қадриятларни ҳимоя қилиш ва экстремизмнинг олдини олиш эканини маълум қилди.
"Афсуски, сўнгги пайтларда дунёнинг айрим мамлакатларидаги юртимиз тараққиёти ва фаровонлигини истамаган бузғунчи гуруҳлар ноўрин фикрлар билдирмоқда," - деди у.
У қабул қилинган ўзгартиришларни "ижобий" деб атади ва уларнинг "асосан анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларни сақлашга қаратилганини" таъкидлади.
"Бу гуруҳлар қабул қилинган ўзгартиришларни нотўғри шарҳламоқда - гўё Тожикистонда сатр, ҳижоб тақиш тақиқланган ва ҳаж зиёратига чекловлар киритилган эмиш. Шу муносабат билан тўла масъулият билан айтаманки, бу талқинларнинг барчаси ҳеч қандай асосга эга эмас," - деди у.
Илгари Мусулмон олимлари лигаси, Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Мусулмонлар гуруҳи ва АҚШнинг Халқаро эътиқод эркинлиги бўйича комиссияси ушбу қонунни қоралаган, Афғонистондаги Толибонга яқин бўлган айрим уламолар эса Тожикистонга қарши "жиҳод" эълон қилган эди.
Тожикистон Уламолар кенгаши раиси Саидмуқаррам Абдуқодирзода 13 август куни ушбу ўзгартиришлар диний эркинликни чеклашга эмас, балки экстремизмнинг олдини олишга қаратилганини маълум қилди: "Баъзи дипломатик корпуслар вакиллари ўз мамлакатларида шариатга мувофиқ миллий кийим-кечакларга риоя қилинишидан яхши хабардор. Ислом дини мусулмон аёлининг бош кийими - сатрнинг бирор шакли, ранги ёки услубини белгиламайди."
Тожикистон президенти ҳузуридаги Исломшунослик маркази директори Абдураҳим Холиқзода анъана ва урф-одатларни тартибга солиш, шунингдек, бола тарбияси учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунлар нормаларини "демократик давлат табиатига мос" деб баҳолади.
"Ота-оналарнинг фарзанд тарбияси учун жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳамда урф-одат ва маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги қонун Тожикистон томонидан тан олинган Конституция ва халқаро ҳужжатлар талабларига тўлиқ мос келади," - деди у.
Қонунчиликка “миллий маданиятга ёт бўлган” кийим-бошни тақиқлаш бўйича тузатишлар парламентга Тожикистон президентининг жорий йил март ойидаги руҳонийлар билан учрашувидан кейин киритилганди.
“Кийинишда ёт маданиятга тақлид қилиш, яъни сатр ва ҳижоб деб номланган ёт кийим-бошни кийиб юриш жамиятимиз учун яна бир долзарб муаммо бўлиб ҳисобланади”, деган Эмомали Раҳмон миллий либослардан бегоналашиш миллатнинг миллий ва маданий ўзлигига путур етказишини урғулаган эди.
Бунинг ортидан Мусулмон уламолари иттифоқи Тожикистонда ҳижобни тақиқлашга оид қонун лойиҳасини қоралаб чиққан, Афғонистондаги экстремистик кайфиятда бўлган айрим руҳонийлар эса ҳатто “жиҳод” эълон қилган.
Қонун лойиҳасининг қуйи палатада қабул қилиниши ижтимоий тармоқларнинг тожик сегментида қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Бу борада мамлакат ичида айрим диний арбоблар, мулозимлар, ОТМ ўқитувчилари ва блогерлар ҳам ўз мулоҳазаларини билдирганлар.
"Сатр тақиқланмаган, ҳажга ҳам ҳеч қандай чеклов йўқ". Тожик расмийлари баҳсли тақиқларни изоҳлади.

“Миллий маданиятга ёт бўлган кийим-бош”ни ҳамда ҳайит кунлари болаларнинг “идгардак” айтишини тақиқловчи қонун июнда кучга кирган.