Ссылки доступа

Остонада АЭС лойиҳасининг сўнгги жамоавий муҳокамаси бўлиб ўтади


Расмий маълумотларга кўра, бундай муҳокамалар аллақачон 19 та ҳудудда ўтказилган.

Қозоғистонда биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича сўнгги жамоавий муҳокамалар 20 август куни Остонада бўлиб ўтади.

Расмий маълумотларга кўра, бундай муҳокамалар аллақачон 19 та ҳудудда ўтказилган.

16 август куни Олмаотада эшитувлар ташкил этилди. Муҳокамаларда Энергетика вазирлиги, Ядро физикаси институти ва лойиҳа учун масъул бўлган "Қозоғистон атом электр станциялари" компанияси вакиллари маъруза қилмоқда.

Маърузачилар АЭС заруратини электрэнергияга бўлган эҳтиёжни Қозоғистон мавжуд қувватлар билан қоплай олмаслиги ва Россиядан электр энергиясини сотиб олишга мажбур бўлиши, бу эҳтиёж янада ортиши ҳамда иқлим ўзгаришига қарши кураш чоралари доирасида иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш зарурати билан изоҳлашмоқда.

Ҳар бири 1200-1400 МВт қувватга эга икки реакторли АЭС қурилиши мумкин бўлган муҳтамал майдон ўлароқ Балхаш кўли соҳилидаги Улкен қишлоғи айтилган. АЭСни саккиз йил ичида қуриш режалаштирилган, унинг қиймати 12 миллиард долларга тушиши мумкин. Қозоғистон бу пулнинг асосий қисмини қарз олишни режалаштирмоқда.

Қозоғистонда аҳолининг бир қисми ва қатор экспертлар орасида атом станциялари хавфсизлиги юзасидан хавотирлар мавжуд. Фаоллар фикрича, АЭС қурилиши туфайли экологик, иқтисодий (лойиҳа қиймати бир неча миллиард долларга етиши мумкин) ва сиёсий (реакторни қурган мамлакатга қарамлик) хатарлар юзага келиши мумкин.

Ҳозирги пайтда Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг катта қисми кўмир станциялари ҳиссасига тўғри келади, сўнгги йилларда муқобил — қуёш ва шамол энергетикаси ҳам ривожланмоқда, бироқ уларнинг улуши жуда кичик.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 27 июнь куни мамлакатда атом электр станцияси қурилиши бўйича референдумни жорий йилнинг кузида ўтказиш режаланаётганини билдирган.

Оммавий муҳокамалар - референдумдан олдинги зарур босқич.

XS
SM
MD
LG