Ссылки доступа

Қозоғистон чегарасида маймунчечак сабабли назорат кучайтирилди


Қозоғистон чегарасида, жумладан, аэропортларда ҳам маймунчечак туфайли назорат чоралари кучайтирилди. Касаллик қайд этилган мамлакатлардан келаётган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси дунёнинг қатор мамлакатларида вабо билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини маълум қилган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатга инфекция кириб келишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Санитария-карантин масканлари, жумладан, аэропортлар ва чегара ўтиш жойларида назорат чоралари кучайтирилди. Маймун чечаги ҳолатлари қайд этилган мамлакатлардан келаётган фуқароларга эътибор қаратилади» — дейилади тарқатилган баёнотда.

Шунингдек, очиқ ҳавзалардаги ва ичимлик сувининг сифати доимий равишда назорат қилинаётганини маълум қилинган.

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишда илгари "маймун чечаги" деб номланувчи mpox эпидемияси сабабли соғлиқни сақлаш соҳасида глобал фавқулодда ҳолат эълон қилди.

2022 йил июль ойида ҳам ЖССТ mpox эпидемиясини глобал фавқулодда ҳолат деб эълон қилганди. Ўша пайтга келиб, тахминан 70 мамлакатда 16 мингдан ортиқ касаллик ҳолати қайд этилган эди. Африкадан ташқарида mpox билан касалланиш ҳолатлари ҳақида биринчи марта деярли бир йил олдин маълум бўлган.

Mpox билан ҳайвонлар ҳам, одамлар ҳам касалланади. Симптомлари табиий чечакка ўхшаб кетадиган, лекин одатда енгил ўтадиган вирусли касалликдир. Унга қарши махсус дори мавжуд эмас, у одатда 2-4 ҳафта ичида ўтиб кетади, аммо ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилган.

XS
SM
MD
LG