Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Президент жорий йил охиригача Қорақалпоғистонга мамлакат бюджетидан қўшимча 100 млрд сўм ажратиш бўйича топшириқ берди. Улар Оролбўйи аҳолиси учун қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилади.
Келгуси йилда Қорақалпоғистонда ижтимоий соҳа ва инфратузилма учун 1 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режа қилинган. Хусусан, 24 та мактаб, 5 та боғча, 7 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади.
Саноат зоналари ва йирик ишлаб чиқариш объектларига инфратузилма олиб боришга 353 миллиард сўм йўналтирилади.
Шавкат Мирзиёев 19 август куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Президент матбуот хизматига кўра, ташриф давомида саноат корхоналаридан ташқари IT ва ижтимоий соҳа объектларини кўздан кечириши, маҳаллаларда аҳоли ҳаёти билан танишиши режалаштирилган. Янги мажмуалар ишга туширилиб, навбатдаги лойиҳалар бошланади.