Ссылки доступа

Илон Маск Рамзан Қодировга Cybertruck совға қилганини рад этди


Tesla ширкати соҳиби Илон Маск Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга Cybertruck электромобилини совға қилганига оид маълумотни рад этди.

“Сен чиндан ҳам рус генералига Cybertruck совға қилишим мумкинлигини ўйлаш даражасида овсармисан? <...> Бу анъанавий ОАВ нақадар ёлғончи эканига яна бир мисолдир”, деб ёзган Маск Х ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бирининг постига жавобан. Фойдаланувчи ўз постида нима учун тадбиркор АҚШ санкциялари остида бўлган мамлакатга “ҳарбий мақсадларда фойдаланишга ҳозир бўлган автомобиллар етказиб бераётган”и ва “очиқдан-очиқ АҚШга қарши ишлаётган”и ҳақида савол берган эди.

Аввалроқ Рамзан Қодиров устига пулемёт ўрнатилган Cybertruck автомобилида Грозний шаҳри бўйлаб кетаётгани акс этган видеони ёйинлаганди. Чеченистон раҳбари Tesla Cybertruck электромобилини “ҳурматли Илон Маскдан” олганини билдирган.

“Жуда қулай машина экан. Шунақа ажойиб хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, кибертрак яқинда тегишли шароитда эҳтиёж бўлган МҲА (махсус ҳарбий амалиёт, россиялик расмийлари Украинага қарши урушни шундай деб аташади — таҳр.) ҳудудига йўлланади”, деб ёзган Чеченистон раҳбари. У Маскни Грознийга таклиф қилган.

Қодиров ва Маск 2022 йил баҳорида америкалик миллиардер Россия президенти Владимир Путинни жангга чорлагани ортидан ижтимоий тармоқларда омманинг кўз ўнгида мулоқотда бўлишган. Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан кейин АҚШ ва ЕИ Москвага ҳашамат ашёлари, шу жумладан автомобиллар етказишни тақиқлаб қўйган эди. Россияда Cybertruck нархи 13 миллион рублдан 35 миллион рублгачадир. Бундай автомобилнинг биринчиси Москвада 2024 йилнинг май ойида пайдо бўлган.

2019 йилнинг сентябрь ойида Беларус раҳбари Александр Лукашенко ҳам Маск унга машина совға қилганини айтган эди.

“Менда Tesla электрик машинаси бор, мен баъзида уни синаб тураман. Маск совға қилган”, дея иддао қилганди у.

Ўша пайтда Tesla Лукашенконинг сўзлари юзасидан раддия берган.

XS
SM
MD
LG