Султонов 2023 йилнинг 16 декабрь куни қамоққа олинганди.
13 август куни жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман судида Саидаҳмад Султонов иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди.
Унга кўра, Наманган вилоятининг собиқ ўринбосари Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмининг “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисмининг “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Суд Саидаҳмад Султоновни 3 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда, шу жумладан ҳокимлик тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, унга 7 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Саидаҳмад Султонов 2020 йилнинг октябрь ойида Наманган вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганди.