Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 20 августдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жойи бўйича хабардор қилиши тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисда қайд этилишича, бугунги кунда амалда бўлган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун сабабли фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқлар юзага келмоқда.
Қонун лойиҳаси билан юқорида таъкидланган қонун бекор қилиниб, республика бўйича фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишининг ягона тартибини жорий этиш, шунингдек, вақтинча турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш тартибини такомиллаштирган ҳолда турар жой бўйича хабардор қилиш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида, бошқа вилоятлар учун эса алоҳида рўйхатга олиш тартиби бўлмайди, бундай амалиётдан воз кечилади, республика бўйича бир хил тартиб амал қилади.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон фуқаролари ва меҳмонларини рўйхатга олиш тартибини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилишга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.