"Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик" (IPHR) Тожикистон ҳукуматини “Миллий маданиятга ёт бўлган кийим-бош”га тақиқларни бекор қилишга чақирди.
Ҳуқуқбонларнинг фикрича, бу чекловлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга, жумладан, сўз ва эътиқод эркинлигига зиддир.
Бу ҳақда ташкилотнинг 19 август куни тарқатган баёнотида айтилади.
"Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуққа кўра, ҳар бир инсон сўз эркинлиги ва ўз динига эркин эътиқод қилиш ҳуқуқига эга. Одамларнинг кийим танлашлари уларнинг шахсий ўзига хослиги ёки диний ёки маданий эътиқодларининг муҳим ифодаси бўлиши мумкин. Диний эркинлик ва сўз эркинлиги ҳуқуқи барча одамлар кийим танлашда эркин бўлишлари кераклигини англатади," - дея таъкидлайди баёнот муаллифлари.
Илгари Мусулмон олимлари лигаси, Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Мусулмонлар гуруҳи ва АҚШнинг Халқаро эътиқод эркинлиги бўйича комиссияси ушбу қонунни қоралаган, Афғонистондаги Толибонга яқин бўлган айрим уламолар эса Тожикистонга қарши "жиҳод" эълон қилган эди.
Тожикистон Уламолар кенгаши раиси Саидмуқаррам Абдуқодирзода 13 август куни ушбу ўзгартиришлар диний эркинликни чеклашга эмас, балки экстремизмнинг олдини олишга қаратилганини маълум қилди: "Баъзи дипломатик корпуслар вакиллари ўз мамлакатларида шариатга мувофиқ миллий кийим-кечакларга риоя қилинишидан яхши хабардор. Ислом дини мусулмон аёлининг бош кийими - сатрнинг бирор шакли, ранги ёки услубини белгиламайди."
Тожикистон президенти ҳузуридаги Исломшунослик маркази директори Абдураҳим Холиқзода анъана ва урф-одатларни тартибга солиш, шунингдек, бола тарбияси учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунлар нормаларини "демократик давлат табиатига мос" деб баҳолади.
"Ота-оналарнинг фарзанд тарбияси учун жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳамда урф-одат ва маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги қонун Тожикистон томонидан тан олинган Конституция ва халқаро ҳужжатлар талабларига тўлиқ мос келади," - деди у.
Қонунчиликка “миллий маданиятга ёт бўлган” кийим-бошни тақиқлаш бўйича тузатишлар парламентга Тожикистон президентининг жорий йил март ойидаги руҳонийлар билан учрашувидан кейин киритилганди.
“Кийинишда ёт маданиятга тақлид қилиш, яъни сатр ва ҳижоб деб номланган ёт кийим-бошни кийиб юриш жамиятимиз учун яна бир долзарб муаммо бўлиб ҳисобланади”, деган Имомали Раҳмон миллий либослардан бегоналашиш миллатнинг миллий ва маданий ўзлигига путур етказишини урғулаган эди.
Бунинг ортидан Мусулмон уламолари иттифоқи Тожикистонда ҳижобни тақиқлашга оид қонун лойиҳасини қоралаб чиққан, Афғонистондаги экстремистик кайфиятда бўлган айрим руҳонийлар эса ҳатто “жиҳод” эълон қилган.
Қонун лойиҳасининг қуйи палатада қабул қилиниши ижтимоий тармоқларнинг тожик сегментида қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Бу борада мамлакат ичида айрим диний арбоблар, мулозимлар, ОТМ ўқитувчилари ва блогерлар ҳам ўз мулоҳазаларини билдирганлар.
“Кийинишда ёт маданиятга тақлид қилиш, яъни сатр ва ҳижоб деб номланган ёт кийим-бошни кийиб юриш жамиятимиз учун яна бир долзарб муаммо бўлиб ҳисобланади”, деган Имомали Раҳмон миллий либослардан бегоналашиш миллатнинг миллий ва маданий ўзлигига путур етказишини урғулаган эди.