19 август куни Россия шаҳзода Карим Оға Хонга қарши санкциялар киритди. Шаҳзода Оға Хон жамғармаси раҳбари ва дунёда исмоилийларнинг етакчиси ҳисобланади.
Фонднинг яна тўрт раҳбари ҳам Москванинг тақиқига тушди, уларга Россияга кириш тақиқланди.
Оға Хон жамғармасининг Москвадаги ваколатхонаси 2022 йил апрель ойидаёқ ёпилган эди.
Ушбу жамғарма Россияда асосан хайрия фаолияти билан шуғулланган. Жамғарма мигрантларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш, мигрантларнинг болалари учун таълим ва ижтимоий мослашув даражасини ошириш билан шуғулланган.
Владимир Путин 2002 йилда Карим Оға Хон билан учрашганди. 2017 йилда ҳам Оға Хон Москвада Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашганди.
19 август куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги "Россияга нисбатан душманлик сиёсатига" ҳисса қўшаётган Британия таҳлилий марказлари, агентликлари ва шунга ўхшаш бошқа тузилмалар вакилларига нисбатан шахсий санкциялар жорий этиш ҳақида баёнот берганди.
Баёнотда бу чора Лондон санкцияларига жавоб экани айтилган.
Россиянинг "стоп-лист"ида Оға Хон жамғармасидан ташқари яна саккизта Британия ташкилоти мавжуд: Forward Strategy Limited, Institute for Statecraft, Media Diversity Institute, Toro Risk Solutions, Chatham House, Open Knowledge Foundation, Privacy International ва Peace Child International.
ТИВ баёнотида бу Лондоннинг санкцияларига жавоб чораси экани айтилган.